Наманганда янги санэпид биноси фойдаланишга топширилди
Наманган шаҳрининг Янги Наманган тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими учун қурилган янги бино фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тақдимотда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, республика Санэпидқўмита масъул ходими Рустамжон Икромов, меҳнат фахрийси Юсуфжон Ҳожиев қайд этишганидек, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, тиббиётдаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар кўлами бу каби амалий ишлар мисолида кенгайиб бормоқда.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда соҳа бино-иншоотларини қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари ҳажми кенгайиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, юқумли ва паразитар касалликларга қарши самарали курашиш ҳамда профилактика ишлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, санитария хизматини янада тараққий эттириш, тизимни рақамлаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, муассасалар моддий-техник имкониятларини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Мазкур бинонинг бунёд этилиши ҳам бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми бўлди.

Янги тўрт қаватли муҳташам бино мукаммал лойиҳа асосида барпо этилган бўлиб, алоҳида ечимлари, кенг ва ёруғ хоналари ва бошқа имкониятлари билан водийда ягонадир. Муассаса ходимларининг самарали фаолият олиб боришлари учун барча имкониятлар муҳайё этилган. 18 турдаги 22 та янги жиҳозлар ўрнатилганлиги эса ҳудудда санитария хизмати даражасини янги босқичга кўтариш имконини беради.

Янги Наманган тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Санэпидқўмита туман бўлими раҳбари Давлатали Қосимовнинг айтишича, лойиҳавий ечимлари билан ажралиб турадиган янги бинони барпо қилиш учун давлат бюджетидан 13 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Замонавий бинода мутахассисларга қулай меҳнат шароитлари, фуқароларни қабул қилиш учун замонавий хизмат кўрсатиш ҳудудлари, ногиронлиги бўлган шахсларга мўлжалланган пандус ва кириш йўлаклари, ҳудудни ободонлаштириш ва муҳандислик инфратузилмаси тўлиқ яратилди.
Бундай эътибор ҳудудда санитария-эпидемиологик ишларни янада такомиллаштириш ва жамоат саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири