Наманганда сунъий интеллект маркази очилади
Мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ЮНЕСКО ташкилотининг маданий дипломатия, бошқарув ва таълим соҳалари бўйича профессор-ўқитувчиси, сиёсий фанлар доктори, “Анатолия Тек” асосчиси ва раҳбари Насийе Селин Шеножак ҳамда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ўртасида ўтказилган учрашувда рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Профессор Шеножак илмий дипломатия, инновация сиёсати ва ривожланаётган минтақаларни глобал бошқарув тизимларига стратегик интеграция қилиш бўйича халқаро даражада тан олинган мутахассис бўлиб, ўз фаолиятини маданиятнинг халқаро муносабатларда трансформация қиладиган куч сифатида аҳамиятини кўрсатишга бағишлаган.

Ўзаро мулоқотда профессор Шеножак сунъий интеллект ривожи бўйича ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар наманганлик ёшларнинг салоҳияти юқори эканини кўрсатганлигини таъкидлаб, Европа стандартларига ҳамоҳанг сунъий интеллект марказини гуллар диёрида ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Қайд этиш лозим, айни вақтда Наманган давлат техника университетида “Сунъий интеллект” илмий лабораториясини ташкил этиш, олий таълим тизимини рақамли трансформация қилиш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Учрашувда мазкур йўналишда хорижий ташаббускорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мазкур лойиҳани янада бойитиш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Марказий Осиё давлатларида Франция музейлари куратори сифатида профессор Шеножак Европа музейчилиги ютуқлари билан туркий дунё меросини боғловчи илғор маданий кўприкни йўлга қўйган. Шундан келиб чиқиб, Наманганда ушбу йўналишда ҳам ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.