Наманганда навбатдаги буйрак трансплантацияси амалга оширилди
Наманган шаҳрининг Янги Наманган туманидаги Гўзал даҳасида жойлашган республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида қариндошлик донорлиги асосида навбатдаги буйрак кўчириб ўтказиш операцияси муваффақиятли бажарилди.
Филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Умиджон Муҳиддиновнинг қайд этишича, гемодиализ муолажасига муҳтож беморга яқин қариндоши донорлигида буйрак трансплантацияси амалга оширилди.

Айни пайтда донор ва реципиентнинг аҳволи яхши, бўлимда шифокор назоратида стандарт муолажалар олишмоқда. Филиалда замонавий тиббий технологиялар ва мутахассисларнинг тажрибаси асосида мураккаб операциялар изчил давом эттирилмоқда.

“Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!” тамойили асосида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлардан кўзланган мақсад – аҳолига юқори технологик тиббий ёрдамни ўз ҳудудида кўрсатиш ва инсонлар ҳаёт сифатини яхшилашдир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири