Наманганда кўз касалликларини даволашга мўлжалланган клиника очилди
Наманган шаҳридаги Давлатобод туманининг Ислом Каримов кўчасида фойдаланишга топширилган "Ocumed plus optima" масъулияти чекланган жамияти кўз касалликлари клиникасига 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, замонавий кўринишга келтирилди.
Клиниканинг тантанали очилиш маросимида Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, Давлатобод тумани ҳокими Анваржон Тожимирзаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи Иминов, меҳнат фахрийлари, туман фаоллари иштирок этдилар.

Вилоят марказининг кўркам жойида жойлашган мазкур шифо маскани учун замонавий тиббий жиҳозлар харид қилинди. Яқин кунларда яна 450 минг доллар эвазига замонавий “Эксимер лазер” аппарати ҳам олиб келиб, ишга туширилади.
Янги клиника 30 ўринли шифохона ва 40 қатновли амбулатория қисмидан иборат бўлиб, бу ерда 30 киши доимий иш билан таъминланди. Эътиборлиси, мутахассисларнинг 70 фоизи ёшлардан иборат.

Тажрибали мутахассислардан бош шифокор офтальмолог Баҳодир Болтабоев, шифокор офтальмолог Элдор Ирисқулов Россиянинг Санкт-Петербург ва Уфа каби шаҳарларнинг тиббиёти ривожланган клиникаларида малака ошириб қайтишган. Ҳозирда клиникада 24 турдаги амалиётларни бажариш, 30 турдан ортиқ касалликларни консерватив даволаш жорий этилмоқда.

– Шифохонада қабул-диагностика бўлими, операция блоги, парвариш хоналари, люкс типида жиҳозланган шинам палаталар, барча дори-дармонлар билан таъминланган муолажа хоналари, лаборатория ва зарарсизлантириш бўлимлари, ошхона ҳамда дам олиш хоналари ташкил этилди. Келгусида эса дорихона ва оптика дўконини ишга тушириш режалаштирилган, – дейди тадбиркор Отабек Исматов.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.