Коронавирус пандемияси кейинги пайтларда яна мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб кенг тарқалмоқда.
Кунлик қайд этилаётган касалланиш ҳолатлари ҳар биримиздан энг аввало, ҳушёр бўлиш ва огоҳликка эътибор қаратиш, қолаверса, ўзимиз ва яқинларимизнинг саломатлигига эътиборли бўлишни тақозо этмоқда.
Хусусан, Наманган вилоятида бугунги кундаги мавжуд эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни марказлашган ҳолда даволаш, уларга тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ўтган йили вилоят марказидаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида ташкил этилган даволаш ва тақсимлаш маркази фаолияти қайта тикланди.
Ушбу марказда ҳозирги кунда бир вақтнинг ўзида 400 беморни даволашга мўлжалланган “койка”лар ташкил этилган. Шунингдек, оғир реанимацион ҳолдаги беморларни даволаш учун ҳам шароитлар яратилган.
[gallery-3072]
Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов тегишли мутасаддилар ва сектор раҳбарлари билан мазкур марказга бориб, масъул идоралар вакиллари иштирокида “Covid” марказнинг узлуксиз ва изчил фаолият юритиши учун ҳозирланган шароитлар, келгусидаги вазифаларни муҳокама қилди.
Биринчи галда, хавфли касалликка йўлиққан беморларга масъул бўлган шифокорлар ва ҳамширалар учун алоҳида шароитлар яратилишига эътибор қаратилиши зарурлиги таъкидланди.
- Марказда ҳар қандай ҳолатда ҳам электр энергияси, ичимлик суви ва кислород узилмаслиги керак. Барча электр генераторлари доимо шай туриши, кислород захиралари аввалдан етказиб берилиши шарт, – деди вилоят раҳбари.
Қайд этиш жоизки, ҳозиргача “Covid-19” инфекцияси аниқланган беморлар Наманган шаҳрида жойлашган вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган эди. Аммо бугунги кунда вилоятда касалликка чалиниш ҳолатлари ортиб бораётганлиги сабабли марказни қайта очишга тўғри келди. Айтиш мумкинки, фаолияти қайта тикланган марказда турли ҳудудлардан келтирилаётган беморларни даволаш учун барча зарур тиббий жиҳозлар мавжуд. Дори воситалари захираси яратилган. Ҳозирда 100 нафарга яқин малакали тиббиёт ходими марказда фаолият олиб бормоқда.
Маълумот ўрнида, Наманган вилоятида деярли ҳар куни ўнлаб кишиларда “Covid-19” инфекцияси аниқланмоқда. Биргина, 2021 йилнинг 8 июль кунида 23 киши коронавирусга йўлиққан.
Айни вазиятда эса вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида аҳолини “Covid-19” инфекциясига қарши вакцинациялаш тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 8 июль куни шаҳар ва туманларда 19 минг 260 дозада эмлаш ишлари амалга оширилди.
Эътиборлиси шундаки, Наманган вилояти жами эмлаш бўйича Республикада энг юқори кўрсаткичга эга бўлиб турибди. Жорий йилнинг апрель ойидан бошланган эмлаш тадбирларида аҳолига ҳозирга қадар 574 минг 236 дона доза қўлланилган.
Айни кунларда вилоят соғлиқни сақлаш, ички ишлар ҳамда санитария эпидемиология ва жамоат саломатлиги бошқармалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан марказий ва ички кўчаларда, аҳоли гавжум жойларда, хусусан бозорлар ва савдо марказларида аҳолини карантин талабларига қатъий риоя этиш, тиббий ниқоб тақиш, оралиқ масофани сақлаш, энг муҳими, коронавирусга қарши энг муҳим фойдали восита саналган оммавий эмлашга чорланган тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА