Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида юртимиздаги кам учрайдиган инвазив амалиётлардан бирига қўл урилди.
Республика ихтисослаштирилган Урология илмий-амалий тиббиёт марказида фаолият юритаётган эндоуролог мутахассис, тиббиёт фанлари доктори Фурқат Носиров ҳамда вилоят шифохонаси шифокорлари билан биргаликда маҳаллий икки нафар беморда кам инвазив амалиётлардан бири бўлган ТУР (трансуретрал резекция) усулда простата аденомасини олиш амалиёти ўтказилди.

Ушбу амалиётлардан сўнг, беморлар – Уйчи туманида истиқомат қилувчи Хабибулло Нурматов ҳамда Мингбулоқ туманида яшовчи 65 ёшли Исоқжон Йўлдошев ўзини яхши ҳис этаётганини билдирган.
– Бундай амалиётларни ҳудудларда ўтказилиши учун барча керакли имконият ва шароитлар яратилган бўлиши керак, – дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи Низомиддин Отамирзаев. – Хусусан, Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг орттирилган даромадлари ҳисобидан шифо масканимизнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 5 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Бунинг натижасида биргина, марказнинг урология бўлимининг ўзига зарур амалиётларни муваффақиятли ўтказиш учун 2 миллиард 200 миллион сўмлик зарур тиббий жиҳоз ва ускунлар олиб келиниб, ўрнатилди.
Марказ томонидан бу каби амалиётлар мунтазам равишда ўтказилиши кўзда тутилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА