Наманганда ижтимоий хизмат кўрсатишнинг янги манзили
Мазкур марказ республикада фаолиятини бошлаган олтинчи ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ҳисобланади. Унинг ишга туширилиши билан Наманган шаҳри, Давлатобод, Тўрақўрғон ва Янги Наманган туманлари аҳолиси учун замонавий ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгаяди.
Наманганда аҳолига ижтимоий хизматларни янада яқинлаштиришга қаратилган муҳим лойиҳа – ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Ўзбекистон Президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси – Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

– Давлатобод туманидаги собиқ болалар соғломлаштириш уйи негизида барпо этилган янги замонавий марказ бир йилда 1 минг 500 га яқин фуқароларга хизмат кўрсатиш қувватига эга, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Зулайҳо Зайниддинова. – Бу жойда болалар ва катталар учун комплекс реабилитация; 3-18 ёшдагилар учун кундузги қараб туриш; 3 ёшгача бўлган болалар учун эрта аралашув ҳамда психосоциал реабилитация хизматлари мужассам. Энг асосийси, ижтимоий ҳимояни бир марталик ёрдам билан чекламаслик. Инсоннинг эҳтиёжини аниқлаш, зарур хизматларни бир жойда тақдим этиш ва кейинги жараёнда ижтимоий ҳамроҳлик қилиш – янги ёндашувимизнинг асосидир.


Эътиборлиси, маскан замонавий инфратузилма ва илғор ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, фуқароларнинг эҳтиёжини аниқлаш, зарур хизматларни бир жойнинг ўзида кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади. Энг муҳими, марказда кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар давлат томонидан молиялаштирилади ва фуқароларга ваучер асосида тақдим этилади. Бу эса уларнинг қулай, сифатли ва манзилли бўлишини таъминлайди.


Келгусида ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари тармоғини кенгайтириш орқали ижтимоий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш, эҳтиёжманд фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш назарда тутилган.

Тадбирда ижтимоий ҳимоя соҳасини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, ташаббуси ва самарали фаолияти учун Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Ижтимоий ҳимоя фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.


Янги марказнинг фаолияти аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларга зарур хизматларни бир манзилда кўрсатиш ва инсон қадрини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири