Наманганда Ҳиндистон компанияси билан 50 миллион долларлик меморандум имзоланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Ҳиндистоннинг етакчи тиббиёт компанияларидан бири — “Krsnaa Diagnostics Ltd.” ўртасида 50 миллион АҚШ доллари миқдорида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Аввал хабар қилинганидек, жорий йил 1 март куни мазкур компания вакиллари вилоятдаги бир қатор тиббиёт муассасаларида бўлиб, мавжуд шароитлар билан танишган эди. Куни кеча эса “Krsnaa Diagnostics Ltd.” компанияси Бошқарув кенгаши раиси Rajendra Mutha бошчилигидаги делегация Наманган вилоятига ташриф буюрди.
Маълумотларга кўра, “Krsnaa Diagnostics Ltd.” фармацевтика ва диагностика соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, Ҳиндистоннинг 150 дан зиёд туманида 2000 дан ортиқ диагностика маркази ва лабораториялар тармоғини шакллантирган. Компания тасарруфида 150 дан ортиқ компьютер томография (КТ), 100 дан зиёд магнит-резонанс томография (МРТ) аппаратлари ҳамда 1800 дан ортиқ рентген марказлари мавжуд.
[gallery-28710]
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов меҳмонларни қабул қилди. Учрашув давомида компания имкониятлари, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Самимий ва конструктив руҳда ўтган мулоқот якунида Наманган вилояти ҳокимлиги ва “Krsnaa Diagnostics Ltd.” ўртасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 50 миллион АҚШ долларлик ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум томонларнинг Наманган вилоятида инвестиция, саноат ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, янги лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ифода этади. Лойиҳаларни 2026–2028 йиллар давомида амалга ошириш режалаштирилган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА