ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизда спортни янада ривожлантириш, ёш авлодни соғлом ва жисмонан етук қилиб тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 13 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик, шунингдек, оммавий спортни ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган эди. Шу мақсадда Наманган футбол маҳорат мактаби тўлиқ таъмирланиб, замонавий қиёфага келтирилди.
Ушбу спорт мажмуаси Халқаро гуллар фестивали доирасида тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Тадбирда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, нуронийлар, фаоллар, спортчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ушбу лойиҳа учун маҳаллий бюджетдан 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлиб, айни пайтда бу ерда 600 нафардан зиёд тарбияланувчига 36 нафар мураббий футбол сир-асрорларини ўргатмоқда. Қувонарлиси, жорий йилнинг апрель ойида Саудия Арабистонида бўлиб ўтган U17 Осиё чемпионатида юртимиз терма жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Жамоа аъзоси Ҳожиакбар Ботиралиев айнан мазкур мактаб тарбияланувчиси ҳисобланади. Албатта, яратилган имкониятлар самарасида келгусида ҳам Осиё ва жаҳон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этувчи, Ватан байроғини баланд кўтарувчи футболчилар етишиб чиқади.
[gallery-23592]
Шу куни Наманган футбол академияси ҳам фойдаланишга топширилди.
Ушбу муассасани қуриш учун 12 миллиард 500 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, 154 ўринли замонавий ётоқхона ва барча шароитларга эга ошхона барпо этилди. Айни пайтда академияда 154 нафар ёш футболчи мунтазам машғулотлар олиб бормоқда. Бу замонавий база ёш иқтидорларни кашф этиш, уларни миллий ва халқаро майдонларга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Футбол академиясининг фаолият бошлаши нафақат Наманган, балки бутун мамлакатимизда футбол ривожига янги суръат бахш этади.
Шунингдек, мазкур кун “Навбаҳор” профессионал футбол клуби фаолиятида ҳам тарихий сана сифатида қайд этилади. Яъни, клубнинг шахсий футбол академияси очилди.
Ёш иқтидорларни излаб топиш, уларни замонавий услубда тайёрлаш ва катта футболга етаклаш мақсадида ташкил этилган ушбу академия “Навбаҳор” профессионал футбол клуби таркибида фаолият олиб боради. Энди наманганлик ёш футболчилар ўз вилоятида, профессионал шароитларда таълим олиб, орзулари сари дадил одим ташлаш имконига эга бўлади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА