Наманганда давлат тиббий суғурта тизими жорий этилади
Мамлакатимиз ҳудудларида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, фуқароларни кучли ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида давлат тиббий суғурта тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Хусусан, 2026 йил октябрь ойидан эътиборан Наманган вилояти соғлиқни сақлаш муассасалари тўлиқ давлат тиббий суғуртаси механизмлари асосида фаолият юритади. Айни вақтда ушбу муҳим жараёнга қизғин тайёргарлик бормоқда. Бунда биринчи навбатда тиббиёт ходимларини янги тизимда ишлашга ўргатиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқаро экспертлари – эстониялик Андрес Раннаме ва молдовалик Мирча Буга иштирокидаги Ишчи гуруҳ аъзоларининг Наманганга ташрифи айни шу мақсадга қаратилди.
Меҳмонлар даставвал тажриба-синов тариқасида иш олиб бораётган Чортоқ тумани соғлиқни сақлаш бўлимининг фаолияти билан танишди. Оилавий поликлиникаларни ўрганиш чоғида бирламчи тизимда илғор хорижий тажриба асосида давлат тиббий суғуртаси ҳамда молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш, одамларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва унинг натижадорлигини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

– Ташрифимиз давлат тиббиёт муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни услубий жиҳатдан таъминлашни кўзлаган. Сафар давомида Фарғона ва Наманган вилоятларида янги механизмга ўтишга таруддуд билан боғлиқ ишлар ўрганилди. Қолаверса, биз пилот лойиҳа сифатида танланган Чортоқ туманида суғурта тизимини жорий этиш жараёни билан танишиб, яхши таассуротлар олдик, – дейди эксперт Андрес Раннаме. – Чунки, бу муассасада давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишдаги талабларга риоя этилаётгани боис, лойиҳа ўзини оқламоқда. Бинобарин, давлат тиббий суғурта жамғармаси фаолиятини йўлга қўйиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мавзусига доир ўқув семинар ҳам ўтказдик. Унда янги тизимни қўллаётган ҳар бир шифохонанинг моддий-техника базасига оид, тиббий хизмат кўрсатиш сифати, дори-дармон таъминоти ва кадрлар салоҳиятига доир масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, зарур тавсиялар берилди.

Ишчи гуруҳи вакиллари Чортоқ туманидаги 1-сонли оила поликлиникасида хизмат кўрсатишнинг янги механизмлари тўлақонли татбиқ этилаётганига гувоҳ бўлишди. Қайд этиш жоиз, олдинги ҳолат билан бугунги жараённи солиштирганда янги тизимнинг афзал жиҳатлари яққол кўзга ташланмоқда. Шифокорлар маоши кескин ортгани, айниқса, аҳолининг тиббий хизматдан бепул ва тўлақонли фойдаланаётгани тизимнинг афзаллигини кўрсатиб турибди. Бундай тажрибалар келгусида мамлакатимиз тиббиёти равнақида муҳим аҳамият касб этади.
Ўз навбатида, маҳаллий мутахассислар хорижлик халқаро экспертлар билан мулоқот жараёнида кўп кўникмаларга эга бўлишди. Уларнинг маслаҳат-тавсиялари келгусидаги фаолият самарадорлигини таъминлаши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА