Наманганда 77 ёшли фуқаронинг туғилган ҳолати қайд этилди
Муаммо ечимини излаб, у Наманган тумани адлия бўлими ҳузуридаги туман фуқаролик ҳолати даолатномаларини ёзиш бўлимига мурожаат қилди. Нуроний билан мулоқотда у шу кунгача Ўзбекистон фуқаролиги паспортини олмагани, шунингдек, доимий яшаш манзилига эга бўлмаганини қайд этди.
Баъзан биргина ҳужжат инсон ҳаётида янги саҳифа очиши мумкин. Йиллар давомида оддийгина бир гувоҳномага эҳтиёж сезиб яшаган инсон учун эса бу ҳужжат – ҳуқуқ ва имкониятлар сари очиладиган муҳим эшикдир.
1949 йилда Наманган вилоятида таваллуд топган Турсунбой ота Раҳмонов ҳам ана шундай кунни узоқ кутди. У туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ҳамда собиқ иттифоқ даврида олган паспортини йўқотиб қўйгани сабабли шу кунгача Ўзбекистон фуқаролигини расмийлаштира олмай келган.
Фуқароликни тасдиқловчи зарур ҳужжатларга эга бўлмагани боис 77 ёшли Турсунбой ака шу пайтгача нафақа ҳам ололмаган. Бу ҳолат унинг кундалик ҳаётида қатор қийинчиликларни келтириб чиқарган.
Наманган тумани адлия бўлими ФҲДЁ бўлими мудири Зулайҳо Отахонованинг айтишича, бўлим ходимлари томонидан мавжуд ҳолат атрофлича ўрганилиб, зарур маълумотлар олинди. Натижада Турсунбой аканинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси такрорий тартибда тикланиб, унга тантанали равишда топширилди.

Гувоҳнома қўлига тегиб, йиллар давомида кутган ҳужжатини олган Турсунбой аканинг қувончи чексиз эди. Чунки бу ҳужжат унинг учун оддий қоғоз эмас, балки фуқаролик сари ташланган муҳим қадам, ҳуқуқ ва имкониятларга элтувчи восита эди.
Эндиликда Турсунбой Раҳмонов мазкур гувоҳнома асосида фуқаролик масаласини қонуний тартибда ҳал этиш юзасидан судга мурожаат қилиши ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон фуқаролигини расмийлаштириш имкониятига эга.
Фуқаролик масаласи ҳал этилгач, қонунчиликда белгиланган талаблар асосида пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлардан фойдаланиш масаласини ҳам қонуний тартибда ҳал этиш имконияти юзага келади. Бир қарашда оддийгина ҳужжат топшириш жараёни. Аммо унинг ортида бир инсоннинг йиллик кутиши, умиди ва қувончи мужассам. Турсунбой отанинг бугунги қувончи – ҳуқуқий хизматлар инсон ҳаётига бевосита таъсир қилиши, ҳар бир мурожаат ортида эса алоҳида бир инсон тақдири борлигини яна бир бор кўрсатди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири