Наманганда 65-Халқаро Гуллар фестивалига тайёргарлик қизғин паллага кирди (+видео)
Жорий йилнинг 24 майидан 12 июлга қадар Наманган шаҳрида 65-Халқаро Гуллар фестивали бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли анжуманга қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда.
Юбилей фестивалида 50 дан ортиқ мамлакатдан 1 миллионга яқин хорижий сайёҳ ва 7 миллиондан зиёд маҳаллий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Қарийб 50 кун давом этадиган фестиваль доирасида 150 дан ортиқ маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбир ташкил этилади.
Жумладан, гала-концертлар, дрон-шоу, автопарад, очиқ осмон остида симфоник концерт, модалар ҳафталиги, кўргазмалар, шунингдек, туризм, инвестиция ва ишбилармонликка бағишланган халқаро форумлар ўтказилиши режалаштирилган.
Юбилей фестивали муносабати билан шаҳар ва туманлар марказий кўчаларига қарийб 5 миллион туп мавсумий гул экилиб, ҳудудлар ранг-баранг гуллар билан безатилмоқда. Бу ишлар шаҳарга янада кўрк бағишлаб, фестиваль меҳмонларида унутилмас таассурот қолдириши кутилмоқда.
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари самарасида шаҳарнинг кўрки янада очилмоқда. Айланма чорраҳалар, йўл ёқалари, ташкилот ва муассасалар ҳудудлари турли гуллар билан безатилиб, байрамона муҳит яратилмоқда.
[gallery-29033]
Айниқса, Ислом Каримов кўчасида ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Йўл бўйлари турли рангдаги гул композициялари билан безатилиб, фестивалга муносиб муҳит яратилмоқда.
Қисқача айтганда, Наманганда гўзаллик ва нафосат байрамига ҳар қачонгидан-да катта тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур фестиваль нафақат шаҳар аҳли, балки мамлакатимиз ва хориждан келадиган меҳмонларга ҳам унутилмас таассурот улашиши шубҳасиз.
<iframe width="484" height="860" src="https://www.youtube.com/embed/JVm5qCaFYSE" title="Namanganda 65-Xalqaro Gullar festivaliga tayyorgarlik qizg‘in pallaga kirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат, видео), ЎзА