Наманган вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Республикамизнинг кичик бизнес, тадбиркорлик ва саноат марказига айланган Наманган вилоятида тараққиёт ва бунёдкорликка қаратилган истиқболли лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Давлатобод туманида жойлашган “Namangan zargarlik klasteri” ҳудудида “Modern Gold Jewelry Manufacturing” хорижий корхонаси очилди.
“Ўзмиллийбанк” томонидан ташкил этилган заргарлик кластери доирасида барпо этилган корхона Дубай ва Ҳиндистон инвесторлари иштирокида фаолият бошлади.

Корхонада рангли металларни қайта ишлаш, замонавий заргарлик буюмлари тайёрлаш ва маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш йўлга қўйилади.
Бу жойда йилига 1,5 тонна рангли металлни қайта ишлаш ҳамда 600 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт ҳажмига эришиш режалаштирилган. Эътиборлиси, янги корхонада 200 кишининг бандлиги таъминланиши кўзда тутилмоқда.

Корхонада ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотларни Сингапур, Ҳиндистон ва араб мамлакатларига экспорт қилиш мўлжалланган.
***
Наманган вилояти ҳокимлиги ва Корея Республикасининг “ОГО” компанияси ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Келишувга мувофиқ, наманганлик ёшларни корейс тилини ўрганишга тайёрлаш, Жанубий Корея университетларига кириш талаблари, ҳужжат топшириш тартиби ва таълим дастурлари ҳақида маълумот бериш кўзда тутилган.

Ҳамкорлик натижасида ёшлар хорижда таҳсил олиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олиши, университетларга кириш жараёнига тайёргарлик кўриши ва халқаро таълим дастурларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
***
Наманган вилоятида 2026 йилнинг январь–сентабрь ойларида бозор хизматлари ҳажми 49,6 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,0 фоизга ошди. Хизматлар соҳасини ривожлантириш учун республика буджетидан 232,7 млрд сўм ажратилди.
Амалга оширилган лойиҳалар натижасида 385 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 295 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолияти кенгайтирилди. 1 минг 950 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, Наманган шаҳридаги Обиҳаёт маҳалласидан ўтувчи Лутфий, Усмон Носир ва Банк кўчаларининг 2 километр қисми “24/7” тамойили асосида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш ҳудудига айлантирилди.
Натижада ушбу ҳудудда 30 та янги тадбиркорлик субъекти тузилиб, 120 дан зиёд иш ўрни яратилди. Кунлик ташриф буюрувчилар сони эса 2,5 мингдан 4,6 минг нафарга етди.
***
Чортоқ туманидаги “Бешкапа” ёшлар кичик саноат зонасида фаолият юритаётган “Бек текстил сервис” масъулияти чекланган жамияти самарали иш олиб бораётган корхоналардан ҳисобланади.

Бугунги кунда махсус формалар ва қишки кийим-кечаклар ишлаб чиқарилаётган ушбу жамиятда 50 нафардан ошиқ аҳоли доимий иш билан таъминланган.

Маҳсулотлар Россия Федерацияси ҳамда Қозоғистон бозорларига экспорт қилиниши билан бирга, юртимиз ички бозорига ҳам етказиб берилмоқда.
***
Наманган шаҳрининг Ғишткўприк даҳасида хитойлик тадбиркорлар сармояси иштирокидаги "Cang Tuo" масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган "Жуда яхши" номли янги савдо маркази очилди.

Умумий лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу савдо марказида айни пайтда 10 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлар харидорларга таклиф этилмоқда. Янги мажмуа фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида дастлабки босқичда 100 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

Келгусида маҳсулотлар турини 30 мингтага етказиш ва иш ўринлари сонини 1000 тагача ошириш режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири