“Aisha Home Textile” компанияси 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда момиқ ва вафли сочиқлар, барча турдаги кўрпа-тўшаклар, кенг ассортиментдаги халатлар ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Маҳсулотлар 100 фоиз пахта ипидан тайёрланади.
Корхонада йилига ўртача 350 тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. 2020 йилда компания 15 миллион долларлик экспорт амалиётини бажарган бўлиб, жорий йилда бу кўрсаткични 20 миллион доллардан ошириш кўзда тутилган.
Мазкур корхона таъсисчилигида Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Оқтош шаҳарчасида “Oqtosh Tekstil” масъулияти чекланган жамиятига асос солинган. Биринчи босқичда ишга туширилган фабрикада момиқ сочиқ ва халатлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2021 йил 2 чорагида иккинчи босқич тўлиқ қувватда ишга туширилади. Бугунги кунда фабрикада 500 дан зиёд ишчи меҳнат қилаётган бўлиб, лойиҳани иккинчи босқичи ишга туширилиши натижасида 1200 та янги иш ўринлари яратилади.
Компания маҳсулотлари Россия Федерацияси, Украина, Беларусь, Руминия, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига экспорт қилинмоқда. Шунингдек, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Франция, Германия ва АҚШ давлатларининг йирик импортёр тижорий тармоқ корхоналари билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
[gallery-1983]
ЎзА фотомухбири
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар