Наманган ва Италия: манфаатли келишувлар имзоланди
Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бошчилигида инвестиция соҳасига алоқадор мутасаддилар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларидан иборат делегация Италияга ташриф буюрди.
Европа давлатига амалий хизмат сафари давомида Италиянинг Эмилия-Романья ҳудуди президенти Микеле де Паскале ўтказилган учрашув ҳар икки томон учун ғоят аҳамият касб этди.
Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси томонидан уюштирилган мазкур учрашув чоғида икки ҳудуднинг саноат, тўқимачилик ва ишлаб чиқариш йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида урғу берилаётгани ҳамкорлик учун муҳим пойдевор эканлигини қайд этди.

Мулоқот давомида ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўзаро делегациялар ташрифларини ташкил этиш, Наманганга инвестиция маблағларини жалб қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Маълумот ўрнида, Эмилия-Романья Италиянинг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланиб, унинг ялпи ички маҳсулот ҳажми 203 миллиард евродан зиёдни ташкил этади ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткич бўйича мамлакатда иккинчи ўринда туради. Бу жойда машинасозлик, автомобилсозлик, санъат ва озиқ-овқат саноати ривожланган. “Ferrari”, “Lamborghini”, “Ducati”, “Max Mara”, “Technogym”, “Pagani”, “Dallara”, “Barilla” сингари дунёга донғи кетган таниқли компаниялар фаолият юритади.

Бундан ташқари ташриф доирасида Болонья ва Рим шаҳарларида Италиянинг ишбилармон доиралари билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор икки томонлама бизнес-форумлари ташкил этилди.
– Мулоқот ва музокараларда 100 дан ортиқ етакчи компания мутасаддилари қатнашиб, кўплаб “B-2-B” форматидаги учрашувлар ўтказилди, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг инвестициялар, савдо ва саноат масалалари бўйича ўринбосари Оқибжон Иномов. – Уларда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик ва логистика соҳаларида савдо ва инвестициявий ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Вилоятимиздаги корхоналарининг Италия бозорига чиқиши, экспорт жўғрофиясини кенгайтириш ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш борасида шартномалар имзоланди.

Ташриф мобайнида Италиянинг йирик компаниялари ва соҳа уюшмалари раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказилди. Жумладан, “Vinarjia Marko”, “SMI Group”, “Gamma Meccanica” ва “Bonifiche Ferraresi” компаниялари билан озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва интенсив боғдорчилик йўналишларида катта миқдордаги инвестиция ва экспорт шартномалари имзоланди.
Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Юртимиздаги аграр тармоқ мутахассисларини Италияда мавсумий ишга жалб қилиш лойиҳаси расман йўлга қўйилди. Дастлабки босқичда ишлаш учун келган 40 нафар ватандошимиз учун дастурхон ёзилиб, улар билан суҳбат ўтказилди. Шахсан Наманган вилояти ҳокими ҳамюртларимизнинг яшаш ва иш жойлари кўздан кечирди.

Италиянинг “Salvi” компанияси билан ўзбекистонлик фуқароларни қишлоқ хўжалиги соҳасида иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, келгуси йилларда қўшимча минг нафар фуқарони ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилди.
Қолаверса, Ҳудудлар ва автономиялар вазирлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (“FAO”) раҳбарияти билан учрашувлар уюштирилиб, уларда ҳамкорликда боғларни янгилаш, томчилатиб суғориш, аквакультура ва фермерлик бўйича грант лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича фикр ва таклифлар алмашилди.

Эътироф этиш даркор, ташриф давомида эришилган битимлар Ўзбекистон–Италия иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантиришни янги сифат босқичига чиқишига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири