Президент топшириғи –амалда
Мамлакатимиз транспорт тизимининг аҳолига қулай бўлишини таъминлаш, фуқароларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 25-26 март кунлари Наманганга ташрифи чоғида бу масалага алоҳида урғу қаратилиб, вилоятнинг ўзида ҳудудлараро қатновларни йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилганди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш ва йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Ўзтемирйўлчи” акциядорлик жамияти ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан 6351/6352-сонли “Наманган – Чодак – Наманган” шаҳарлараро поезди ҳаракати йўлга қўйилди.
Шу муносабат билан Наманган темир йўл вокзалида карнай-сурнай садолари остида байрамона руҳда бўлиб ўтган тантанали маросимда вилоят фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов кейинги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар одамларнинг бугунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётганини таъкидлади.
Қайд этиш жоиз, вилоятда бир қатор поезд вокзалларининг йўл инфратузилмаси, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг изчил давом эттирилиши соҳада сервис даражаси юксалишини таъминлайди. Тадбир иштирокчилари “темир тулпор”га чиқиб, янги йўналишдаги манзил томон илк қатновни бошлади.
– Сўнгги йилларда юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлардан ўзимизни беҳад бахтиёр ҳис этмоқдамиз. Мустақилликнинг илк йилларида бугунгидек имкониятлар бўлмаган, – дейди Наманган шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Акмалхон Икромов. – Бугун эса Юртбошимиз раҳнамолигида ҳар бир хайрли мақсад халқимизнинг манфаатини, узоқни кўзлаб амалга оширилмоқда. Наманган ва Чодак ўртасида янги поезд қатнови минглаб ватандошларимизнинг кўпгина мушкулларини аритади.
[gallery-17440]
Эслатиб ўтамиз, “Наманган – Чодак – Наманган” шаҳарлараро поезди ҳар куни аниқ жадвал асосида ҳаракатланади. Хусусан, 6351 - “Наманган – Чодак” йўналишидаги рейс соат 08:10да Наманган шаҳридаги марказий темир йўл вокзалидан йўлга чиқиб, соат 11:16 да Чодак темир йўл вокзалига етиб боради. 6352 - “Чодак – Наманган” йўналишидаги рейс эса соат 19:20 да Чодакдан йўлга чиқиб, соат 22:31 да вилоят марказига етиб келади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари