Ватанимиз истиқлолининг ўттиз тўрт йиллиги байрамини бунёдкор ва азму шижоатли наманганликлар “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” эзгу ғоясини дилга жой қилган ҳолда катта тантана билан нишонламоқда.
Асосий байрам тадбири Давлатобод туманида “Янги Ўзбекистон боғи”нинг муҳташам амфитеатрида ўтказилиб, унга вилоят фаоллари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари – нуронийлар, меҳнат илғорлари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Даставвал, Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги куни билан табриклаб, сўнгги йилларда вилоятда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, юрт ободлиги, аҳоли турмуш тарзини ошириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли янгиланишлар жараёнида наманганликлар ҳам фаол иштирок этиб, салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Президентимиз томонидан Республиканинг кичик бизнес, тадбиркорлик ва саноат маркази сифатида алоҳида қайд этилган гуллар диёрида барпо қилинган замонавий инфратузилма, ижтимоий соҳа, бунёдкорлик, саноат ва иқтисодиётда эришилаётган ютуқлар аҳоли турмуш тарзини сезиларли даражада яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.

Ўтган давр ичида аҳоли билан манзилли ишланиши натижасида, 52,5 мингдан зиёд оилалардаги 222 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Биргина 2024 йилда вилоятда камбағаллик даражасини 7,6 фоизга қисқартиришга эришилди. Жорий йил якуни билан эса бу кўрсаткични 4,5 фоизга тушириш бўйича аниқ дастур асосида иш олиб бормоқда.

Айни вақтда, вилоятда иккита эркин иқтисодий ҳамда 74 та кичик саноат зонасида фаолият олиб бораётган 2 мингга яқин корхоналар иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Наманган мамлакатнинг тўқимачилик саноат тармоғи ривожланган ҳудуди ҳисобланиб, 2 минг 500 дан ортиқ тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари фаолият юритмоқда.

Йўлсозлик ва транспорт инфратузилмаси ҳам жадал ривожланмоқда. Охирги саккиз йилда 5 минг 415 километр йўл таъмирланиб, 37 та кўприк ва йўл ўтказгич қурилди ва таъмирланди. Жорий йил Наманганда жами 1 минг 119 чақирим йўлда қурилиш ва таъмирлаш, тўққизта кўприкда реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Уйчи ва Норин туманларини боғловчи Норин дарёсида “Норин ГЭСлар каскади қурилиши” лойиҳасини ҳам катта имкониятлардан оқилона фойдаланиш сифатида кўриш мумкин. Ҳозирда қурилиши қизғин олиб борилаётган каскад олтита ГЭСдан иборат бўлиб, ҳар бирининг қуввати 38 МВтни ташкил қилади.

Шунингдек, водийнинг асосий ҳаво дарвозаси ҳисобланган “Наманган халқаро аэропорти”да давлат-хусусий шерикчилик асосида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида янги терминал, кейтеринг, хўжалик бинолари қурилиб, аэропортнинг йўловчи терминали қуввати соатига бир минг нафарга етказилади.
Маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестицион муҳит натижасида инвестициялар ҳажми йилдан-йилга кескин ортишига эришилмоқда. Жумладан, сўнгги йилда жами 4,8 миллиард доллар хорижий инвестиция маблағлари жалб этилиб, 2017 йилга нисбатан ўсиш 150 баробарга ортди. Масалан, Германиянинг Хелаба банк иштирокида “Ифтихор кийим саноати” корхонаси 198 миллион доллар, Туркия сармояси иштирокидаги “Coca-Cola Ichimligi Namangan” хорижий корхонаси 60 миллион доллар, Хитой инвесторлари туфайли “Мегатон” корхонаси 40 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштирди.
Кейинги йилларда Наманганда туризм соҳасида янги локациялар сони ортиб, ўзига хос ташриф қоғози яратилмоқда. Халқаро майдонда Наманган брендига айланган “Гуллар фестивали” жорий йилда илк бор 50 кун давом этиб, дунё миқёсидаги муҳим воқеликка айланди. Анжуманда 8 триллион сўмлик савдо ва хизматлар кўрсатилди, 100 мингга яқин фуқаролар мавсумий иш билан таъминланди. Гулларни кўриш учун Наманганга етти миллиондан зиёд меҳмон, хусусан 800 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрди.
Байрам дастурида вилоят санъат усталари ва юртимизнинг таниқли хонандалари ижро этган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Айниқса, ҳарбийлар ҳамда қувноқ болажонларнинг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Милена Мадмусаева ва Яҳёбек Мўминовнинг қўшиқлари рақсларга уланди.
Файзли оқшом шукуҳидаги байрам кечаси Наманган осмонида порлаган мафтункор мушакбозлик билан якунланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.