ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухорода давом этаётган халқаро замонавий санъат биенналеси маҳаллий ҳамда дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.
Биеннале мавзуси билан узвий боғлиқ асарлар шаҳарнинг тарихий қисми – Тоқи Саррофон ва Тоқи Телпакфурушон гумбазлари оралиғида жойлашган Бухоро санъат музейида ҳам намойиш этилмоқда.
[gallery-25430]
Ушбу бино 1912 йилда қурилган бўлиб, лойиҳаси россиялик муҳандислар Маргулис ва Сакович томонидан ишлаб чиқилган. Бино эски шаҳарнинг анъанавий қурилишларидан фарқли равишда, нисбатан Европа услубида – ғиштли деворлар ва баланд аркали деразалари билан ажралиб туради. Музей коллекциясида мингдан ортиқ рассомлик, графика, ҳайкалтарошлик асарлари ҳамда ноёб амалий безак санъати намуналари мавжуд.
Музейининг янги экспозицияси – “Овқат манзаралари галереяси”да таъм хариталари, қалб акс-садолари ишлари жойлаштирилган бўлиб, кўргазма лойиҳаси замонавий санъатнинг Биринчи биенналеси мавзуси билан узвий боғлиқ.
Диана Кемпбелл томонидан ташкил этилган “Яраланган юраклар учун рецептлар” номли экспозиция кенг ғоя, умумий дастурхон, тақсимот ва меҳмондўстлик атрофида қурилган. Тасвирий санъат намуналари мато, керамика каби амалий санъат буюмлари билан тўлдирилиб, уларнинг бадиий қадрияти тенг даражада таъкидланган.
Яна бир галерея – “Сув манзаралари” деб номланган. Экспозиция Бухоро шаҳрининг панорамик манзаралари билан бошланади, улар кўпинча қуш парвози баландлигидан берилган бўлиб, бу шаҳар маконини кенг визуал қамраб олиш имконини беради. Ушбу асарларда шаҳар деворлари, дарвозалар ва меъморий манзаранинг асосий вертикал йўналишлари алоҳида таъкидлаб кўрсатилади.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА