Мутолаа келажакка йўл очади
Жиззахда болалар қалбига нур сочувчи, тафаккурга қанот бағишловчи яна бир маърифий тадбир — “Китобхон KIDS” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Шароф Рашидов номидаги ахборот-кутубхона маркази китобни дўст тутган, билимни қадрлаган ёшлар қалбини бир нуқтага жамлади.
7-10 ва 11-14 ёш тоифасидаги иштирокчилар ўртасида кечган беллашув шунчаки мусобақа эмас, балки болалар тафаккури, дунёқараши ва маънавий камолоти синовдан ўтган ўзига хос майдон бўлди. Бу ерда ҳар бир савол билимга йўл, ҳар бир жавоб келажакка қадам эди.
Танлов замонавий талаблар асосида, тўлиқ рақамли форматда ташкил этилгани унинг янада шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлади. “Мутолаа” иловасининг махсус платформаси орқали ўтказилган тест ва квест босқичлари иштирокчиларнинг нафақат хотираси, балки тезкор фикрлаши, таҳлил қилиш қобилиятини ҳам синовдан ўтказди. Белгиланган вақт меъёри, автоматик баҳолаш тизими ва қатъий назорат қоидалари танловнинг холислигига хизмат қилди.
Айниқса, танлов жараёнида инсон омилининг минималлаштирилиши, натижаларнинг дастур томонидан автоматик ҳисобланиши — адолат ва ишонч тамойилларининг амалий ифодаси бўлди. Бу эса ёш иштирокчилар қалбида “менинг меҳнатим холис баҳоланди” деган ишончни мустаҳкамлади.
Мазкур лойиҳа орқали кўзланган асосий мақсадлар ҳақида Ўзбекистон болалар ташкилоти Жиззах вилоят бўлими бошлиғи Шоҳиста Жабборова шундай дейди:
— “Китобхон KIDS” танлови, аввало, болаларни китобга ошно қилиш, уларнинг мутолаага бўлган меҳрини уйғотишга қаратилган. Бу ердаги “KIDS” сўзи шунчаки ёш тоифасини англатмайди. У болаликнинг беғубор дунёси, пок қизиқиш ва тоза тафаккур рамзидир. Биз айнан шу покликни асраб, уни китоб орқали бойитишни мақсад қилганмиз. Танлов орқали нафақат болалар, балки ота-оналар, ҳатто бутун жамоатчилик ўртасида китобхонлик муҳитини шакллантиришга эришмоқдамиз. Чунки китоб ўқиган бола фикрлайдиган, таҳлил қиладиган ва эртанги кунга тайёр шахсдир.
Дарҳақиқат, танлов низомида белгиланганидек, унинг асосий моҳияти — ёш авлодни китоб ўқишга жалб қилиш, мустақил фикрлаш кўникмасини шакллантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат. Бу эса оддий мусобақадан кўра кенгроқ — маънавий ҳаракат, маърифат йўлидаги тизимли саъй-ҳаракатдир.
Танлов жараёнида иштирокчиларга 40 та тест ва 10 та квест саволидан иборат босқичлар тақдим этилди. Қисқа вақт ичида энг тўғри ва аниқ жавобларни топган иштирокчилар ғолибликка даъвогар бўлди. Бу эса ёшларнинг билим билан бирга вақтни қадрлаш, тезкор қарор қабул қилиш каби ҳаётий кўникмаларини ҳам мустаҳкамлади.
Энг муҳими, бу танлов орқали болалар қалбида китобга бўлган муҳаббат уруғи янада чуқурроқ илдиз отди. Чунки китоб инсонни англаш, ҳаётни тушуниш ва келажакни қуриш воситасидир.
[gallery-29164]
Хулоса қилиб айтганда, “Китобхон KIDS” танлови Жиззахда нафақат энг зукко ёш китобхонларни аниқлади, балки жамиятда китобхонлик маданиятини яна бир поғона юқорига кўтаришга хизмат қилди. Зеро, мутолаа билан камол топган авлод бу юртнинг эртанги таянчи, маънавий устуни ва тараққиёт кафолатидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА