Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида “Fergana stone paper” корхонаси фаолияти билан танишди.
Айни пайтда бу ерда Хитой давлатидан келган мутахассислар ишлаб чиқариш ва ускуналардан фойдаланиш бўйича маҳаллий ишчиларнинг малакасини оширмоқда.
Мазкур янги технология ва тошдан қоғоз олишнинг афзалликлари хусусида Хитойнинг “He Nan Guo Xin Huan Bao” компаниясининг қоғоз ишлаб чиқариш бўйича бош технологи Зҳао Хиао Донг ЎзА мухбирига интервью берди.
— Маълумки, Хитойда қоғоз ишлаб чиқариш кўп асрларга бориб тақалади, — дейди бош технолог Зҳао Хиао Донг. — Хусусан, тошдан қоғоз тайёрлаш борасида тажрибалар ҳам узоқ тарихга эга. Ҳозир саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқариш анча ривожланган. Қоғоз тайёрлашда дастлаб тош майдаланиб, кукун ҳолатига келтирилади. Жараёнда асосий хом ашёга зарур қўшимчалар бирин-кетин қўшилади. Қоғоз шаклига кела бошлагач, ускуналар ёрдамида унга ишлов берилади. Бир неча босқичлардан ўтгач, текис ва силлиқ қоғоз тайёр бўлади.
Қоғоз тайёрлашдаги ушбу технология сўнгги йилларда янада такомиллашди. Охирги 20 йилда Хитойда бу йўналишдаги корхоналар сафи кенгайиб, анча рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлана бошлади. Умуман олганда, йиллик 300-400 минг тонна тош қоғоз ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти кенгайгач, хорижий давлатлар қизиқиши орта бошлади.
Ўзбекистонда бу соҳани ривожлантиришга қизиқиш юқори, маҳсулот ишлаб чиқаришга етарли шароит яратилган. Ўйлайманки, саъй-ҳаракатлар ўз самарасини беради. Ҳозир бизнинг асосий мақсадимиз, Фарғона тош қоғозини сифатли қилиб чиқариш ва харидорлар ишончини қозонишдир. Маҳсулотимиз арзон ва сифатли бўлиб, импорт ўрнини бемалол босади.
Ўзбекистонлик ҳамкорлар билан бирга бошқа ҳудудларда ҳам шу каби корхоналарни ташкил қилишимиз мумкин. Яқин келажакда бу соҳа анча ривожланади.
ЎзА мухбири
А. Мусаев ёзиб олди.