Мутасаддилар аҳолини сифатсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотларидан огоҳ бўлишга чақирмоқда
Оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, ҳудудларда сифатсиз, инсон саломатлиги учун хавфли, яроқлилик муддати ўтган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи ҳамон учраб турибди.
Шу муносабат билан, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Инспекция мамлакатимиз фуқароларини қалбаки маҳсулотлар савдоси ва истеъмолидан огоҳ бўлишга чақиради.
Мутахассислар ҳақиқий ва контрафакт маҳсулотларни ўзаро фарқлашда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайди:
— маҳсулотларда белгиланган намунадаги акциз маркаси мавжудлигига;
— мажбурий рақамли маркировка кодларининг борлигига;
— яроқлилик муддати, маҳсулот ишлаб чиқарилган кун, ой ва йил аниқ кўрсатилганига;
— тамаки маҳсулотлари қутисининг камида 65 фоиз қисмида тиббий огоҳлантириш белгиларининг аниқ ва тиниқ тасвирланганига.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини 21 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш қатъиян тақиқланади.
ЎзА