Мустақиллик ва ғурур тимсоли: Ўзбекистон Давлат герби 34 ёшда
Бундан роппа-роса 34 йил аввал — 1992 йил 2 июль куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди. Бугун мамлакатимиз бўйлаб ушбу қутлуғ айём ва миллий суверенитетимизнинг олий белгиси кенг нишонланмоқда.
Ҳар бир мустақил давлатнинг дунёда мавжудлигини кўрсатадиган, унинг тарихи, маданияти ва келажакдаги орзу-ниятларини ўзида мужассам этган муқаддас рамзлари бўлади. Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ана шундай юксак рамзлардан бири бўлиб, ўтган йиллар давомида халқимизни бирлаштирувчи, қалбларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини юксалтирувчи қудратли кучга айланди. Мазкур миллий тимсолда халқимизнинг асрий қадриятлари, тинчликсеварлиги ва порлоқ келажакка бўлган ишончи боқий маъно ва юксак фалсафа асосида мужассам этилган.
Гербимиз марказидаги Ҳумо қуши бахт, озодлик ва довюраклик тимсоли бўлиб, у ўзининг қанотларини кенг ёзиб, юртимиз узра тинчлик ва омонлик улашиб тургандек тасаввур уйғотади. Сержабҳа ва нурафшон диёримиз белгиси бўлган гуллаётган водий узра порлаётган қуёш нурлари эса мамлакатимизнинг яратувчанлик салоҳиятига ишорадир. Халқимизнинг меҳнатсеварлиги, ризқ-рўзи ва тўкин-сочинлигини ифодаловчи буғдой бошоқлари ҳамда пахта чаноқлари гербга алоҳида кўрк бағишлайди. Шунингдек, давлат жипслиги рамзи бўлган саккиз қиррали юлдуз ва унинг ичидаги ярим ой ҳамда юлдуз тасвири халқимизнинг муқаддас анъаналари, бой тарихий мероси ва иймон-эътиқодини англатувчи юксак маънавий деталлар ҳисобланади.
Давлат герби шунчаки рамзий тасвир эмас, у миллий фахр ва ифтихор манбаи, давлат мустақиллигининг ҳуқуқий ва сиёсий асосидир. Бугун халқаро майдонларда, нуфузли спорт мусобақаларида, сиёсий ва дипломатик минбарларда гербимиз акс этган белгилар юртимиз қудрати ва обрўсини намойиш этмоқда. Ҳар бир Ватандошимиз паспортида, давлат ҳужжатларида ва муҳим маъмурий биноларда акс этган бу рамз қалбларда дахлдорлик ҳиссини кучайтиради. Зеро, давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва дахлсиз бўлиб, уларни асраб-авайлаш ҳамда уларга чексиз ҳурмат кўрсатиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг конститутциявий ва виждоний бурчидир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганлигининг 34 йиллиги барча ватандошларимиз учун муборак айёмдир. Озодлик ва тинчлик қуши — Ҳумо юртимиз узра доимо парвоз қилиб, мамлакатимиз осмони мусаффо, мустақиллигимиз ва тараққиётимиз эса боқий бўлсин.
А.Ғаффоров,
ЎзА