Мустақиллик тадбирлари давом этмоқда (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири ҳамда бошланғич касбий тайёргарлик ўқув курси тингловчиларининг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирда юртга садоқат, миллий қадриятларга эҳтиром, Ватан тинчлиги ва осойишталигини асраш, халқ манфаатларига фидойилик билан хизмат қилиш каби эзгу ғоялар тараннум этилди.
Тадбирда Институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар иштирок этди.
Тантанали маросимда мамлакатимиз мустақиллигининг тарихий аҳамияти, унинг миллий тараққиётимиздаги беқиёс ўрни, шунингдек, мустақиллик йилларида ички ишлар органлари тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, тадбир давомида хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашиб, жанговар ва касбий тайёргарлик машғулотларида юқори натижалар кўрсатаётган, сафдошларига ўзининг ибратли фаолияти билан ўрнак бўлиб келаётган профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимлар рағбатлантирилди.
Институт бошлиғи, полковник Олимжон Аҳмедов томонидан байрам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ҳамда Институт бошлиғининг буйруқлари асосида рағбатлантирилган ходимларга мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли ва масъулиятли лаҳзаси — бошланғич касбий тайёргарлик ўқув курси тингловчиларининг қасамёд қабул қилиш маросими бўлди.
Касбга илк қадам қўяётган ёш ходимлар Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш, Конституция ва қонунларга қатъий риоя этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, зиммаларига юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга тантанали равишда қасамёд қилдилар.
Қасамёд — ҳар бир ички ишлар ходими учун шарафли бурч ва юксак масъулият рамзи. Ушбу тантанали лаҳза тингловчилар қалбида Ватанга муҳаббат, касбга садоқат ва халқ манфаатларига хизмат қилиш туйғуларини янада мустаҳкамлади. Мазкур тадбир мустақиллигимизнинг 35 йиллик шодиёнасини муносиб нишонлаш билан бирга, ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар ва янги авлод вакилларини Ватан тақдири, халқ тинчлиги ва юрт осойишталиги учун янада масъулият билан хизмат қилишга руҳлантирди.
Муҳайё Турдалиева, Салимжон Обиджонов, ЎзА