Мустақиллик онг ва шууримизда: Наманганда улкан бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда
Ўтаётган ҳар бир кун бизни энг улуғ, энг азиз айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига яқинлаштирмоқда. Ушбу қутлуғ тантанага муносиб туҳфа сифатида Наманган вилоятида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган 100 та муҳим устувор мақсадлар доирасида айни вақтда Наманган вилоятининг Давлатобод ва Тўрақўрғон туманлари кесишмасида “Янги Наманган” шаҳарчаси қурилишининг иккинчи босқичи жадал давом этмоқда.
Яқинда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов бошчилигида ушбу ҳудудда яна тўртта янги истиқболли лойиҳа қурилишига тамал тоши қўйилди. Жумладан, "Lang apex" масъулияти чекланган жамият томонидан нодавлат умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаси бино ва иншоотлари қурилишига киришилди. Мактаб биноси 840 ўринли, болалар боғчаси биноси 120 ўринга мўлжалланган.
Шунингдек, “Downtown building” масъулияти чекланган жамияти тўққизта 12 қаватли турар-жой қурилиши учун пойдевор ишларини бошланди. Объектнинг умумий ер майдони 2,2 гектарни ташкил қилиб, унда 1019 хонадон ўрин олади.
“Ziyo avenue” масъулияти чекланган жамияти турар-жой комплексида лойиҳа бўйича саккизта 12 қаватли турар-жой биноси қад ростлайди. Мажмуа 704 хонадон ва 112 нотурар жой объектидан иборат. Бундан ташқари, шаҳарчада Бизнес ва фан университети учун етти қаватли бино иншоот барпо этилиши ҳам кўзда тутилган бўлиб, умумий 1,3 гектар ер майдонни эгаллайди.

Янги Наманган тумани ҳудудидан ўтган автомобиль йўли билан “Оромгоҳ” кўчалари кесишган чорраҳада Катта Наманган канали устига замонавий кўприк барпо этилади. Унинг умумий қиймати 6 миллиард сўмни ташкил этади. Бу маблағ эвазига эни 16 метр, узунлиги 24 метр бўлган замонавий кўприк қурилади. Ушбу ташаббус транспорт тирбандлигини камайтириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ушбу ҳудуднинг транспорт ўтказувчанлигини янада оширишга хизмат қилади.
Поп, Янгиқўрғон, Чуст ва Косонсой туманларида туризмни тубдан ривожлантиришда ҳали ишга солинмаган имкониятлар бисёр. Айни шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, Наманганда йирик туризм лойиҳаларини амалга оширишга киришилди.
Жумладан, Поп туманининг Арашан кўли атрофида "Arashan resort" халқаро ва кўп функцияли тоғ дам олиш туристик-рекреацион мажмуаси қурилиши лойиҳаси амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳининг ўрганиши давомида лойиҳанинг бугунги кундаги ҳолати, қурилиш-монтаж ишларининг суръати, муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этиш ҳамда замонавий туристик инфратузилмани шакллантириш бўйича жараёнлар кўздан кечирилди.

Мазкур инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, жорий йилнинг ўзида 75 миллион доллар инвестицияни ўзлаштириш режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, бир йилда 912 минг нафаргача сайёҳга хизмат кўрсатиш қуввати яратилади.
Лойиҳада Япониянинг “Nippon Global Education and Assessment” компанияси хорижий ҳамкор сифатида қатнашаётгани унинг халқаро стандартлар асосида амалга оширилаётганини кўрсатади. Бу эса, замонавий туризм инфратузилмасини шакллантириш, хизматлар сифатини ошириш ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Умуман олганда, мазкур улкан мажмуа Наманган вилоятининг туризм салоҳиятини янада юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, хизматлар соҳасини ривожлантириш ва ҳудуднинг халқаро туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қиладиган йирик инвестиция лойиҳаларидан бири ҳисобланади.
Чуст туманида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаси – “Чиқиндини ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш” мажмуаси ҳудудда экологик барқарорликни таъминлаш, тоза ва обод иқлимга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Хитойлик инвесторлар иштирокида барпо этилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 141,5 миллион долларга тенг бўлиб, у ишга туширилгач, маиший чиқиндиларни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш орқали экологияни асраш билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти ҳам яратилади.
Лойиҳа мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш, қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Тўрақўрғон туманида истиқлолимизнинг ўттиз беш йиллик тўйига туҳфа сифатида, ёш тадбиркор барпо этган туризм маскани очилди. Бозорбоши маҳалласи ҳудудида Миршоҳид Абдуқодировнинг саъй-ҳаракати билан лойиҳа қиймати 10 миллиард сўм бўлган "Боғи Бобур" туризм маркази фаолият бошлади.

Ахсикент археология ёдгорлиги паркига ёндош, Сирдарё соҳилларига яқин ҳудуддаги арчазордан иборат соя-салқинлик ушбу мажмуа 60 сотихни эгаллаган бўлиб, бир кунда 300 меҳмонни қабул қила олади. Миллий ва замонавийлик уйғунлашган, ўзгача дизайнда безатилган масканда кейинги босқичларда аквапарк, капсула кўринишидаги меҳмонхоналар, яшил ҳудуд, ресторан қуриш ҳам режалаштирилган. Қувонарлиси, бу жойда 10 киши муқим иш ўрнига эга бўлди.
Истиқлол шодиёнаси муносабати билан вилоят бўйлаб кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, Учқўрғон туманида “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида маҳаллаларни янада файзли, озода ва кўркам масканга айлантиришга қаратилган амалий ишлар жадал суръатларда давом этмоқда.
Айниқса, аҳоли мурожаатлари энг кўп келиб тушган маҳаллаларда амалий ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда Улуғбек, Ёрқин ҳаёт, Ёшлик, Туркистон, Элатан, Қозоқовул, Бирлик, Озод, Пахтачи ва Навоий маҳаллаларида 60 километр масофада йўлларни асфалтлаш, ичимлик суви тармоқларини тортиш ҳамда ирригация тизимини яхшилаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Қолаверса, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасида Қўғай ва Қўғайўлмас маҳаллаларида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Янги йўллар, замонавий инфратузилма ва қулай яшаш шароитлари маҳаллалар қиёфасини бутунлай ўзгартирмоқда. Шунингдек, маҳалла фаоллари хонадонларга ташриф буюриб, аҳоли ўртасида ободончилик маданиятини юксалтириш, ҳовли ва кўча атрофини доимо озода сақлаш, дарахт ҳамда манзарали кўчатларни асраб-авайлаш юзасидан тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Бир пайтлар аҳоли орзу қилган йўллар, тоза ичимлик суви ва замонавий инфратузилма бугун ҳаёт ҳақиқатига айланмоқда. Мустақилликнинг 35 йиллиги нафақат сана, балки халқимиз орзу-умидлари рўёбга чиқаётган, ҳар бир маҳаллада ўзгаришлар сезилаётган тарихий давр сифатида намоён бўлмоқда. Дарҳақиқат, обод ва озода маҳалла юрт тараққиёти, аҳоли фаровонлиги ҳамда байрамга муносиб туҳфанинг энг ёрқин ифодасидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.