Мустақиллик байрами арафасида жажжи қалбларга қувонч улашилди
Мустақиллик халқимиз учун тинчлик, осойишталик, меҳр-оқибат ва эзгулик тимсоли. Айниқса, юртимизда байрамлар арафасида эҳтиёжманд оилалар фарзандларига қувонч улашиш, уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш эзгу анъанага айланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Гулистон туманида ҳам ана шундай хайрли тадбир ташкил этилди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун “Ўзбегим” тантаналар саройида суннат тўйи ўтказилди.
Шодиёнага 30 нафар жажжи болажон таклиф қилиниб, улар учун унутилмас байрамона муҳит яратилди. Болаларнинг қувончи, юзларидаги самимий табассум, ота-оналарнинг мамнуният ва миннатдорлик ҳислари тантанага алоҳида файз бағишлади.

Тадбирда Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев иштирок этиб, болажонларни қутлуғ тўйлари билан самимий муборакбод этди. Уларга мустаҳкам соғлик, бахтли болалик, яхши ўқиш ва келажакда Ватанимизга муносиб, эл-юрт корига ярайдиган фарзандлар бўлиб камол топишларини тилади.
– Бугун сизлар учун унутилмас, қувончли кун. Доимо соғлом, бахтли, одобли ва билимли бўлиб улғайинг. Ватанимизга садоқатли, халқимизга наф келтирадиган муносиб фарзандлар бўлиб камол топинг, – дея эзгу тилаклар билдирди туман раҳбари.
Дарҳақиқат, болаликдаги ҳар бир қувончли лаҳза инсон хотирасида бир умр сақланади. Шу маънода, Мустақиллик байрами арафасида ташкил этилган ушбу тўй нафақат болажонлар, балки уларнинг ота-оналари ва яқинлари учун ҳам катта қувонч бўлди.

Тадбирда иштирок этган Олтин водий маҳалласида истиқомат қилувчи Кароматхон Барбарова ҳам бугунги шодиёнадан мамнунлигини билдирди.
– Жажжи набираларимнинг тўйи Мустақиллик байрамига уйғун, кўтаринки руҳда ўтди. Айниқса, уларнинг юзидаги табассумни кўриб, биз ҳам қувондик. Бунинг учун, аввало, юртбошимизга ва тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман. Зеро, тинч ва обод юртга ана шундай тўйлар, шодиёналар ярашади, – дейди у.
Тантана давомида болажонларга махсус совғалар топширилди. Маданият маркази ходимлари томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар, қувноқ чиқишлар ва кўнгилочар дастурлар шодиёнага янада файз ва кўтаринки кайфият бағишлади.

– Бугунги каби эзгу тадбирлар эҳтиёжманд оилалар ва уларнинг фарзандларига бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Мустақиллик байрами арафасида 30 нафар болажон учун суннат тўйининг ташкил этилгани уларга қувонч улашиш, оилаларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, ҳар бир боланинг бахти ва кулгиси биз учун энг катта қадрият. Келгусида ҳам эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларнинг фарзандлари учун муносиб шароитлар яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Матлуба Худойбердиева.

Эътиборлиси, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига қувонч улашишга қаратилган бундай эзгу тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилди.
Жумладан, Сайхунобод туманидаги “Осиё” тантаналар саройида туман ҳокимлиги ташаббуси билан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 100 нафар фарзанди учун тантанали суннат тўйи ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокими Комилжон Муллажанов иштирок этиб, болажонларни қутлуғ тўйлари билан самимий муборакбод этди. Уларга мустаҳкам соғлик, бахтли ва фаровон болалик, таълимда юқори натижаларга эришиш, келажакда Ватанимизга муносиб, эл-юрт корига ярайдиган фарзандлар бўлиб улғайишларини тилади.

Сирдарё туманида ҳам ҳокимлик ташаббуси билан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 187 нафар фарзанди учун суннат тўйи ташкил этилди. Тантана болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун катта қувонч ва унутилмас хотираларга бой бўлди.

Байрамона дастур, дилрабо куй-қўшиқлар, қувноқ ва кўнгилочар чиқишлар шодиёнага янада файз бағишлади. Болажонларга эсдалик совғалари топширилиб, уларнинг қувончига қувонч қўшилди.
Энг муҳими, бу шодиёналар болажонлар қалбида ёрқин ва унутилмас хотира бўлиб муҳрланади. Мазкур тантаналар эса тинч ва осойишта юртда ҳар бир фарзанднинг бахти, камоли ва келажагига юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири