Ватанимиз тарихидаги 7 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1825 йил (бундан 200 йил олдин) – тарихчи олим Огаҳийнинг “Риёз уд-давла” (“Салтанат боғлари”) асарида ёзилишича, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I йигирма йил ҳукм суриб 50 ёшида “...тарихи ҳижрий 1240да, товуқ йилининг авойили рамазони ол муборак ойининг ўн тўққизинчи оқшомида (милодий 1825 йил 7 майда) иродайи азалий ... қазо ҳукмига ризо бўлди”.
Огаҳийнинг қайд этишича, ҳукмдор вафот этгач, бу воқеа ҳали халққа эълон қилинмасдан олдин, ўша куни тахтни кимга топшириш масаласида кенгаш ўтказилади. Кенгаш аҳли маслаҳатлашиб, марҳум ҳукмдорнинг катта ўғли Оллоқулининг бошини хонлик тожини кийишга лойиқ деб топади. Аммо қадимдан ўрнатилган таомилга мувофиқ валиаҳд, гарчанд кенгаш унинг тож ворислигини бир оғиздан тасдиқлаган бўлса ҳам, хонлик тахтига чиқишга шошилмаслиги, бу масалада маълум одоб қонун-қоидасига риоя қилиши лозим бўлган. Шунга кўра, Оллоқулихон бу таклифга дастлаб рад жавобини беради.
“Шунда улуғлар илтимос ва илтижо қилдиларки, агарчи фоний дунёда инсон савоб ишлар қилмаса, боқий дунё саодатига эришмайди. Подшоҳ адолат билан ҳукмронлик қилса, икки жаҳон мамлакати унинг тахти фармонига киргусидир. Ҳадисда айтилганидек, “Бир соатлик адолат бир йиллик ибодатдан афзал”... Кўпчиликнинг юзидан ўта олмай ул олий зот, яъни Оллоқулихон ёши ўттизга етганда ҳижрийнинг 1240-товуқ йилининг бошида, Рамазон ойининг 19 да соат кечки бешдан ўтиб олтига яқинлашганда (милодий 1825 йил 7 май шанба куни) тахтга ўтирди”.
1865 йил (бундан 160 йил олдин) – Қўқон хони Султон Саййидхон ва амир лашкар Алимқули Черняев бошчилигидаги рус қўшинлари Тошкентга яқинлашгани ҳақида хабар топгач, қўшин билан Қўқондан чиқиб, 7 май куни эрталаб Тошкентга етиб келишди. Алимқули ва хон қароргоҳи Афросиёб тепалигида жойлашди.
Шу куни Мингўрик мавзесида шаҳар ҳимоячилари иштирокида катта машварат ўтказилиб, ғазавот эълон қилинди. Қашқар ҳокими Валихон тўранинг қашқарликлар ҳам бу ғазавотга қўшилажаклари ҳақидаги мактубини Алимқули шаҳар ҳимоячиларига шахсан ўзи ўқиб эшиттирди.
Тошкентнинг обрўли зодагонлари курашни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдириб, шаҳардаги барча от-уловлар Тўйтепада қолдирилган Қўқон қўшинининг юк-аслаҳаларини ташишга сафарбар қилинди.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати расмий жиҳатдан ташкил этилди. Шу куни ҳар хил идоралар таркибидаги кўп сонли метеостанциялар янги ташкил этилган хизмат – Туркистон метерология институтига бирлаштирилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Тошкент шаҳрида 1867 йилдан мунтазам метеорологик кузатишлар йўлга қўйилган, 1870 йилнинг март ойидан “Туркестанские ведомости” газетасида метеокузатиш маълумотлари ва об-ҳаво тўғрисидаги хабарлар эълон қилина бошланган.
1929 йил (бундан 96 йил олдин) – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлепберген Қайипбергенов таваллуд топди (вафоти 2010 йил). Унинг асарлари қорақалпоқ халқининг XVII–XVIII асрлардаги тарихи, Орол фожиаси, минтақадаги экологик вазият, туркий тилли халқларнинг ўзаро қардошлиги ҳақида.
1945 йил (бундан 80 йил олдин) – Бекобод 50 мингга яқин аҳолиси билан вилоят бўйсинувидаги шаҳар мақомига эга бўлди. Бекобод шаҳрининг ташкил этилишида Бекобод цемент заводи, Ўзбекистон металлургия заводи ҳамда Фарҳод ГЭСнинг аҳамияти катта.
1945 йил (бундан 80 йил олдин) – Тошкент шаҳридаги Тиллашайх масжиди қайтадан очилиб, яна фаолият кўрсата бошлади. Ўша вақтдаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлар идораси жойлашган Бароқхон мадрасаси хамда Қаффол Шоший мақбараси, Мўйи муборак мадрасаси каби бир қатор тарихий обидалар яқинида жойлашган Тиллашайх масжиди ўтган асрнинг 50-йилларига келиб шаҳардаги энг йирик жомеълардан бирига айланган. Бу даврда Қаффол Шоший мозори зиёратига келган кўплаб хорижий давлатлар делегациялари, сиёсий арбоблар ва зиёратчилар билан учрашувлар одатда Тиллашайх масжидида ўтказилган. Жумладан, Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлар идораси вакилларининг С.Гумери бошчилигидаги Ҳиндисгон мусулмонлари делеганияси (1954 йил ноябрь), АҚШ Олий суди аъзоси Уилям Дуглас (1955 йил 16 август) каби меҳмонлар билан бўлган суҳбатлари мазкур масжидда бўлиб ўтган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Тошкентда мустақил Ўзбекистон биринчи почта маркасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Почта маркасида ўзбек шоираси Моҳларойим – Нодира акс эттирилган. Унинг муаллифи илк ўзбек аёл рассоми Шамсирўй Ҳасановадир.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси билан Швейцария Конфедерацияси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан мустақил Ўзбекистон тарихидаги биринчи орден – I ва II даражали “Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилди.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси тасдиқланди. Мазкур кодекснинг 1-моддасига мувофиқ, республиканинг қуруқликдаги ерлари ва сув ҳавзалари устидаги самовий ҳудудига Ўзбекистон Республикаси тўла ва танҳо эгалик қилади. Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудуди Ўзбекистон давлати ҳудудининг ажралмас қисмидир.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Собиқ ССР Иттифоқининг мукофотлар қонунида белгиланган ҳуқуқ ва бурчларни Ўзбекистон Республикаси фуқароларида сақлаб қолиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – ЮНЕСКОнинг Париждаги ваколатхонасида Самарканднинг 2750 йиллиги хамда Марғилоннинг 2000 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳамасининг “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА