Мусобақалар қизғин ўтди
Гулистон туманида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, жамоалар ўртасида дўстона рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда оммавий спортни янада ривожлантириш мақсадида “Ҳоким кубоги” спорт мусобақалари юқори уюшқоқликда ташкил этилди.
Ўтган дам олиш куни эрта тонгдан туман маркази спорт иштиёқмандлари билан гавжум бўлди. Туман ташкилот ва корхоналари ходимларидан иборат жамоалар мини футбол, волейбол, шахмат-шашка ҳамда стол тенниси каби спорт турлари бўйича ўз имконият ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Беллашувлар бутун мусобақа давомида кескин, айни вақтда соғлом рақобат руҳида кечди.

Айниқса, мини футбол баҳслари томошабинлар эътиборини тортди. Ҳар бир гол учун кураш, ҳар бир ҳимоя ҳаракати мусобақага алоҳида жон бағишлади. Якунда Фавқулодда вазиятлар бўлими жамоаси ишончли ўйин намойиш этиб, 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўрин Кадастр палатаси жамоасига, 3-ўрин эса Ёшлар ишлари бўлими жамоасига насиб этди.

Аёллар ўртасидаги волейбол мусобақалари ҳам кескин руҳда ўтди. Тезкор комбинациялар ва жамоавий ўйин устунлиги билан туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Туман ҳокимлиги жамоаси иккинчи, туман спорт мактаби эса учинчи ўринни эгаллади.

Шахмат, шашка ва стол тенниси йўналишларида эса ақл ва маҳорат уйғунлиги намоён бўлди. Қатъий диққат ва тез қарор қабул қилиш талаб этилган баҳсларда энг кучли иштирокчилар аниқланиб, муносиб равишда тақдирланди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар туман ҳокими томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Энг муҳими, Гулистон туманида ходимларнинг дам олишини, маданий-маънавий ҳордиғини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилган “Ҳоким кубоги” нафақат спорт беллашуви, балки жамоалар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва оммавий спортни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим тадбир сифатида қайд этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири