Мусобақалар бошланди
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида ёшлар ўртасидаги “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ва “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг жорий йилги мавсумига старт берилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Акрамжон Дадабоев, Миллий Олимпия қўмитасининг Наманган вилоятидаги ижрочи директори Аъзамжон Аҳмадалиев, шунингдек, мураббийлар, спортчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлди.

Ушбу оммавий мусобақалар ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, келгусида халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган чемпионларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Ўтган 2025 йилда “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” 15-17 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида 10 та спорт тури бўйича ўтказилган бўлса, 2026 йилги мусобақалар 13-14 ёшли спортчилар, бадиий гимнастика бўйича эса, 11-12 ёшли қизлар ўртасида ташкил этилади. Беллашувлар 21 та Олимпия спорт тури бўйича 205 та дастур асосида, уч босқичда, яъни, “туман ва шаҳар ҳокими олимпиадаси”, “Ҳоким олимпиадаси” ва “Президент олимпиадаси” шаклида уюштирилади.

Янги мавсумнинг ўзига хос жиҳати шундаки, аввалги йилларга нисбатан волейбол, гандбол, бадминтон, қиличбозлик, теннис, соҳил волейболи, сузиш, велоспорт (шоссе), чим устида хоккей ва велотрек каби қатор янги спорт турлари дастурга киритилди. Бу эса ёшлар орасида спорт турларини оммалаштириш ва рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилади.
Мусобақаларнинг дастлабки босқичи – туман ва шаҳар ҳокими олимпиадаси март-апрель ойларида, иккинчи босқич – ҳудудий вилоят босқичи сифатида май-июнь ойларида ўтказилиши режалаштирилган.

Жумладан, Тўрақўрғон спорт мактабида ташкил этилган “туман ҳокими олимпиадаси”да иштирокчи ўғил-қизлар баскетбол, гандбол, юнон-рум кураши, эркин кураш, бадиий гимнастика, таэквондо, бокс, дзюдо каби спортнинг 13 та турида ўз маҳоратларини синамоқда.
Апрель ойининг биринчи ўн кунлиги якунига қадар давом этадиган баҳсларда юқори натижани кўрсатган спортчилар кейинги босқичга йўлланма олади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.