Муштарак тарих, маданий мерос ва ҳамкорлик истиқболлари
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида «Туркий тилли давлатларнинг фалсафаси, маданияти, алоқалари: тарих, бугун ва келажак» мавзусида VII халқаро симпозиум ташкил этилди. Унда туркий халқларнинг умумий тарихий илдизлари, фалсафий қарашлари, маданий мероси ва ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Симпозиум академия проректори Илҳом Бекмирзаев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Матлуба Қаҳҳорова ва К.Ш.Тўқтоматов номидаги халқаро университет проректори Толаған Омошевнинг қутлов сўзлари билан бошланди.
Академиянинг «Ижтимоий фанлар ва ҳуқуқ» кафедраси томонидан анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур симпозиум ижтимоий фанлар, фалсафа, тарих, сиёсатшунослик ва маданиятшунослик йўналишларидаги муҳим масалаларни қамраб олди.

Анжуманнинг бош мақсади туркий тилли давлатларнинг фалсафаси, маданияти, ҳамкорлиги ва хавфсизлигига оид масалаларни илмий жиҳатдан ўрганиш, шунингдек, туркий давлатлар интеграциясининг асосий омиллари ва қонуниятларини таҳлил қилиш борасида тўпланган тажрибани умумлаштиришдан иборат бўлди.
Симпозиум доирасида туркий давлатлар ўртасидаги интеграция ва ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатлари, фалсафа ва маданият соҳаларидаги назарий-методологик ёндашувлар таҳлил этилди. Иштирокчилар тарихий жараёнлар, илмий тадқиқотлар ва замонавий ҳамкорлик имкониятлари юзасидан ўзаро фикр алмашди.

Истанбул университети ижтимоий сиёсат фанлари доктори Кемал Явуз Атаман ўз маърузасида бугунги глобал жараёнлар ва туркий халқлар бирдамлигининг аҳамиятига тўхталди.
– Ҳозирги кунда давлатлар ва миллатлар глобал марказларнинг ҳукмронлиги остида қолди, – деди туркиялик олим Кемал Явуз Атаман. – Сиёсий, иқтисодий ва технологик монополиялар шаклланиб, инсоний, миллий ва диний қадриятлар заифлашди. Табиий бойликлар ва ресурслар талон-торож қилинмоқда, барча нарса манфаат асосига қурилмоқда, инсониятнинг келажаги хавф остида қолмоқда.
Унинг таъкидлашича, бундай шароитда туркий халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Симпозиумда туркий халқлар давлатчилиги, ҳуқуқи, фалсафаси ва маънавий меросига бағишланган қатор маърузалар тингланди.
Бундан ташқари, туркий фалсафий тафаккурда инсон ва табиат муносабатлари, туркий халқлар давлатчилиги ва ҳуқуқий анъаналарининг замонавий ҳуқуқ тизимларига таъсири, туркий давлатлар интеграциясининг геосиёсий омиллари, Буюк Ипак йўли орқали шаклланган тарихий алоқалар ҳамда туркий халқларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси каби мавзулар ҳам муҳокама марказида бўлди.

Асосий маърузалардан кейин анжуман панель сессиялар билан давом этди. Уларда туркий халқлар тарихи, фалсафаси ва маданиятининг кам ўрганилган жиҳатлари, давлатлараро интеграцияни ривожлантиришга таъсир кўрсатувчи ижтимоий-сиёсий омиллар, ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикрлар билдирилди.
Маърузачилар Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини барпо этишда аждодларимиздан қолган тарихий, илмий ва маданий меросни чуқур ўрганиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Қардош туркий халқларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиш, умумий миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш, ёш авлодни юксак маънавиятли ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришнинг муҳим шартларидан бири экани қайд этилди.

Илмий муҳокамалар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, тадқиқот натижалари ва амалий таклифлар билан ўртоқлашди. Фикр алмашувлар туркий халқларнинг муштарак илмий ва маданий меросини ўрганиш, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилди.
Анжуман доирасида 100 дан зиёд илмий мақола ва тезислар жамланди. Улар орасидан энг долзарб масалаларни қамраб олган ва илмий аҳамияти билан ажралиб турган ишлар саралаб олинди.
Н.Усмонова,
ЎзА