Муштарак мерос – янги ҳамкорлик асоси
Боку шаҳридаги Халқаро Муғом марказида «Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик» мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов Ислом цивилизацияси марказини икки мамлакат ўртасидаги илмий, маданий ва гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилувчи ноёб мулоқот майдонига айлантириш ташаббусини илгари сурди.
Анжуманда икки мамлакат дипломатлари, олимлари, илмий муассасалар ва музейлар раҳбарлари, диний соҳа ҳамда маданият намояндалари иштирок этди.

Конференцияда Баҳром Ашрафхонов Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик тарихий алоқалар, муштарак маънавий қадриятлар ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланишини таъкидлади.

Элчининг қайд этишича, Буюк ипак йўли асрлар давомида нафақат савдо-сотиқ, балки билимлар, илмий ғоялар ва маданий анъаналар алмашинувида ҳам муҳим ўрин тутган. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий ва Муҳаммад Фузулий каби буюк мутафаккирларнинг бой илмий ва адабий мероси бугун ҳам халқларимиз ўртасидаги тарихий ва маданий яқинликни чуқур ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги замонавий муносабатларга тўхталиб, икки мамлакат президентлари — Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев ўртасидаги изчил мулоқот ҳамда ҳамкорлик стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидланди.

Элчининг фикрича, марказнинг асосий мақсади буюк тарихий меросни нафақат сақлаш, балки уни бугунги жамият ва келажак авлодларнинг маънавий-интеллектуал тараққиёти учун илҳом манбаига айлантиришдан иборат.
Конференция давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, икки мамлакатнинг илмий муассасалари, университетлари ва тадқиқот марказлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ёш олимлар учун қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек, муштарак тарихий меросни биргаликда тадқиқ этиш муҳимлиги таъкидланди.

Бокуда ўтказилган халқаро тадбирлар доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон Миллий Фанлар академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу келишув икки мамлакат ўртасидаги илмий-маданий мулоқотни амалий мазмун билан бойитувчи муҳим қадам бўлди.
ЎзА