Мурожаатнома: Олий Мажлис ҳузурида Давлат бюджети бошқармаси ташкил этилади
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Мурожаатномасида парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан бири бўлган Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқишга алоҳида аҳамият бериш зарурлиги қайд этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Мурожаатномасида парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан бири бўлган Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқишга алоҳида аҳамият бериш зарурлиги қайд этилди. Бу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун Олий Мажлис ҳузурида Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Дарҳақиқат, парламент назорати институти халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларнинг соҳа ва тармоқларни ўрганиши, муҳими учраган камчилик ва нуқсонларни бартараф этишга ҳисса қўшишида муҳим омил бўлмоқда.
Олий Мажлис Сенати ахборот хизматидан маълум қилишларича, Сенат томонидан аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаш ва уларнинг ечимини топиш борасида мунтазам ўрганишлар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида 41 туманда тегишли ишчи гуруҳлар томонидан аниқланган 3 минг 200 дан зиёд муаммони ҳал этиш юзасидан туман ва вилоят даражасидаги “йўл харита”лари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида тасдиқланган.
Сенат томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар асосида эса, Ҳукумат томонидан қарийб 700 бандни ўз ичига олган республика миқёсидаги “йўл харита” лари ишлаб чиқилган.
Парламент назоратининг муҳим шакли бўлган сенатор сўрови, парламент эшитуви имкониятларидан ҳам муаммолар ечимини топишда фойдаланилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан парламент олдига қўйилаётган янги вазифалар тизимнинг янада самарали ишлашини тақозо этади. Айниқса, умуммиллий манфаатларимизнинг туб замини бўлган Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқиш бўйича парламент масъуллиги ушбу ҳужжатнинг ҳар жиҳатдан тўкис ва мукаммаллигини таъминлайди.
Бу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун янги тузилма - Олий Мажлис ҳузурида Давлат бюджети бошқармаси ташкил этилиши ушбу соҳада мутлақо янги қадам бўлади. Шу пайтгача парламент Давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилиш, маъқуллаш билан шуғулланиб келган бўлса, эндиликда ушбу ҳужжатни тайёрлашда бевосита иштирок этади.