Мурожаатларнинг 52,6 фоизи ижобий ҳал этилди
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларда кўтарилаётган масалаларни чуқур ўрганиш ҳамда амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада мурожаатларни қонунчиликда белгиланган муддатларда, сифатли ва холисона кўриб чиқиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Агентликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 542 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг ҳар бири белгиланган тартибда ўрганилиб, кўтарилган масалалар юзасидан тегишли чоралар кўрилган.
Кўриб чиқиш натижаларига кўра, 285 та мурожаат, яъни 52,6 фоизи ижобий ҳал этилган. Яна 211 та мурожаат бўйича ҳуқуқий ва тегишли тушунтиришлар берилган. Ҳисобот даври якунига кўра, 46 та мурожаатни кўриб чиқиш жараёни давом этган.
Мурожаатларнинг келиб тушиш каналлари таҳлили ҳам Агентлик билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги мулоқотнинг турли шакллари самарали йўлга қўйилганини кўрсатади. Жумладан, 31 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасининг электрон платформаси орқали келиб тушган бўлса, 511 та мурожаат Агентликка тўғридан-тўғри, электрон почта ҳамда e-xat.uz платформаси орқали қабул қилинган.
Мурожаатларда асосан саноат кооперацияси ва давлат харидлари соҳасидаги амалдаги тартиб-таомиллар, электрон харид тизимларидан фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидларидаги иштироки, шунингдек, соҳада учраётган турли масалалар юзасидан савол ва таклифлар билдирилган.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари билан тезкор мулоқотни таъминлашда Агентликнинг Call-маркази ҳам муҳим ўрин тутмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярим йилида мазкур марказга 997 та қўнғироқ келиб тушган. Қўнғироқлар давомида кўтарилган масалалар бўйича мутахассислар томонидан зарур тушунтиришлар берилган, мурожаатларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, тегишли ҳолатларда амалий кўмак ҳам кўрсатилган.
Бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари нафақат уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш, балки соҳадаги мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг муҳим воситаси сифатида қаралмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Агентликда мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнларининг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш, мурожаат қилувчиларга асосли, тўлиқ ва тушунарли жавоб бериш, шунингдек, ваколат доирасида кўтарилган масалаларни амалий ҳал этишга устувор аҳамият берилмоқда.
Келгусида ҳам мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва самарали мулоқотни кучайтириш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда соҳада учраётган муаммоларга тезкор ечим топиш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА