Мурожаатлар тингланди ва тиббий кўрик ўтказилди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент давлат тиббиёт университети Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида аҳоли мурожаатларини ўрганиб, тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам самарадорлигига қаратилган сайёр қабул ўтказди.
Очиқ мулоқотда Соғлиқни сақлаш вазирлиги комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бошқармаси масъул ходими Лочин Рустамов, Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Шуҳрат Боймуродов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Комил Абдувоҳидов ҳар бир мурожаатни атрофлича тинглаб, ечимини топиш йўлларини излади.

Вилоятда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизими тубдан ўзгарди. Янги тиббиёт муассасалари барпо этилиб, мавжудлари босқичма-босқич реконструкция қилинмоқда. Шунингдек, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиб, хорижнинг энг замонавий тажрибалари амалиётга жорий этилмоқда. Воҳа марказида Тошкент тиббиёт университети Термиз филиали ва барча шароитларга эга тиббиёт кластери ташкил этилгани малакали кадрлар билан таъминлаш самарадорлигини таъминлаб, тиббий хизмат сифатини оширди. Энг мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳам вилоятнинг ўзида амалга ошириш йўлга қўйилиб, беморларнинг мамлакатимиз бошқа ҳудудлари ва чет элларда даволаниши барҳам топмоқда. Инсон қадрини улуғлаш йўлида амалга оширилаётган бу ишлар соҳага оид мурожаатларни ҳам камайтирмоқда.

Қабул чоғида 90 га яқин фуқаро мурожаат этиб, юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш, даволаниш, дори-дармон таъминоти, ижтимоий ҳимоя, тез тиббий ёрдам хизмати, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш ва таъмирлаш, ишга жойлашиш ҳамда бошқа масалаларни ўртага ташлади. Шу куннинг ўзида ўндан ортиқ мурожаат жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатларга аниқ вақт белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди. Ҳуқуқий ва тиббий тушунтиришлар берилди.

Сайёр қабул якунида ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани, бемор манфаатини таъминлаш тиббиёт ходимларининг энг муҳим вазифаси экани алоҳида қайд этилди. Вилоят соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ишлар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, кўрсатилаётган хизматлар сифати, даволаш муассасаларида яратилган шарт-шароитлар таҳлил қилинди. Тиббиёт кластери ва жойлардаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, юқори технологияли тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, аҳолига сифатли ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт муассасаларида хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш, соҳада шаффофлик ва очиқликни таъминлаш юзасидан таклифлар билдирилди.

Сайёр қабул доирасида элликдан ортиқ фуқаро чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган мижозларга стационар ва амбулатор даволаниш, соғлигини тиклаш тавсия этилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири