Мурожаатлар ортида инсон тақдири бор
Баъзан оддий бир мурожаат ортида инсоннинг умиди, ишончи ва адолатга бўлган интилиши ётади. Рақобат қўмитасига келиб тушаётган ҳар бир мурожаат эса ана шу ишончни оқлашга хизмат қилмоқда.
Айниқса, қўмитага жисмоний ва юридик шахслардан савдо ва ижтимоий хизматлар соҳасида келиб тушаётган мурожаатлар изчил ўрганилиб, амалда ижобий ечимини топмоқда.
Наманган вилоятида фуқаро ўз вақтида етказиб берилмаган товарлар учун тўлаган маблағини қайтаришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Чуст туманида яшовчи М.Ғ.нинг Хитойдан “Vodiy logistika” орқали буюртма қилган маҳсулотлари белгиланган муддатда етказиб берилмаган. Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар ва берилган ҳуқуқий тушунтиришлар натижасида фуқарога 6 миллион 524 минг сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилди.
Жиззах вилоятида эса тадбиркор манфаати ҳимоя қилинди. “Paxtakor teks” МЧЖга нисбатан газ таъминоти идораси томонидан асоссиз равишда 263,6 миллион сўм пеня ҳисоблангани аниқланди. Қонун талаблари бузилгани юзасидан тегишли чоралар кўрилди ва мазкур маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниб, корхона фойдасига бекор қилинди.
Андижон вилоятида фуқаронинг хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ муаммоси ижобий ҳал этилди. Балиқчи туманида яшовчи А.Т. “Turon World Corparation” МЧЖга 11 миллион 500 минг сўм тўлаганига қарамасдан, ваъда қилинган иш билан таъминланмаган. Қўмита аралашуви билан ушбу маблағ фуқарога тўлиқ қайтариб берилди. Бу ҳолат орқали фуқароларни алдов ва асоссиз ваъдалардан ҳимоя қилиш муҳимлиги яна бир бор намоён бўлди.
Бу каби мисоллар шунчаки ҳисобот эмас. Улар — адолат тикланаётгани, қонун ишлаётгани ва энг муҳими, инсон манфаати устувор эканининг амалий ифодасидир.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА