Мурожаатлар бўйича амалий чоралар белгиланди
Янгиер шаҳрида Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ва фуқароларга амалий кўмак кўрсатиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди.
Унда Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Умида Абдуллаева, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибаева, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутасаддилар иштирок этди.

Қабул давомида Янгиер шаҳри аҳолисидан 32 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг асосий қисми моддий ёрдам, уй-жой шароитини яхшилаш ва таъмирлаш, шартнома тўловларини қоплаш, ичимлик суви таъминоти ҳамда соғлиқни сақлаш масалаларига оид бўлди.

Мурожаатларнинг 17 таси жойида ўрганилиб, улар бўйича амалий ечимлар белгилаб берилди. Қўшимча ўрганиш ва муайян вақт талаб этадиган масалалар эса тегишли ташкилотларга йўналтирилиб, ижросини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

— Аҳолининг ҳар бир мурожаати ортида муайян муаммо ва эҳтиёж бор. Шу боис сайёр қабулда билдирилган масалаларни шунчаки рўйхатга олиш эмас, балки уларни жойида ўрганиб, имкони борича тезкор ечим топишга эътибор қаратилди. Айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар билан боғлиқ мурожаатлар манзилли тарзда ўрганилди. Бугун аниқ ечим топилмаган масалаларнинг ҳам ижроси масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда назоратга олинади, — деди Янгиер шаҳри ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ирода Наврўзова.

Сайёр қабул давомида фуқароларга мурожаатларни ҳал этиш тартиби бўйича ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар ҳам берилди.

Якунда мурожаатларнинг ижросини таъминлаш, муаммоларни манзилли ҳал этиш ва аҳоли билан бевосита мулоқотни давом эттириш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири