Муроджон Аҳмадалиев эртага Тошкентда жанг қилади
Пойтахтимиздаги "Ҳумо арена" мажмуасида эртага, 29 май куни профессионал бокс кечаси ташкил этилади.
Кеча “WBC Eurasia”, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ҳамда “Lift Promotion” ҳамкорлигида ўтказилиб, беллашувлар давомида халқаро рейтинг очколари учун курашлар билан бирга айрим вазн тоифаларида “WBC Eurasia” чемпионлик камарлари соҳиблари ҳам аниқланади.

Мусобақа марказий жангларининг бирида жаҳон профессионал рингида юқори натижалар қайд этиб келаётган Муроджон Аҳмадалиев венесуэлалик Эгли Москэдага қарши навбатдаги жангини ўтказади. Шунингдек, икки карра Олимпия чемпиони кубалик Робейси Рамирес ҳамда маҳоратли боксчи Асрор Воҳидов ўртасида ҳам жанг бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Оғир вазн тоифасида Олимпия чемпиони Лазизбек Муллажонов “WBC Eurasia” чемпионлик камари учун венесуэлалик Луис Хосе Марин Гарсия билан ринга кўтарилади. Яна бир Олимпия ўйинлари ғолиби Абдумалик Халоқов эса танзаниялик Рамадхан Иддига қарши жанг қилади.
Шунингдек, бокс оқшомида бир қатор қизиқарли баҳслар бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА