Муқобил туризм: замонавий тенденциялар ва келажак истиқболлари
Пойтахтимизда муқобил туризм турларини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва истиқболларини муҳокама қилиш, илмий ва амалий тажриба алмашиш, шунингдек илмий, таълим ва профессионал ҳамжамиятлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида “Муқобил туризм: замонавий тенденциялар ва келажак истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ва Тошкент давлат аграр университети томонидан “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ўтказилди.
Сўнгги йилларда туризм соҳаси дунё миқёсида жадал ривожланиб, унинг янги йўналишлари пайдо бўлмоқда. Ана шундай йўналишлардан бири — муқобил туризм бўлиб, у табиатни асраш, маҳаллий маданиятни қўллаб-қувватлаш ва сайёҳлик фаолиятини барқарор ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, муқобил туризм анъанавий оммавий туризмдан фарқ қилиб, сайёҳларга табиий ва маданий муҳитга яқинроқ бўлиш, маҳаллий аҳоли ҳаёти билан танишиш ҳамда табиатга зарар етказмасдан дам олиш имконини беради. Шу сабабли бу туризм тури бугунги кунда нафақат экологик, балки иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Конференцияда тадқиқотчилар, ёш олимлар, докторантлар, олий таълим муассасалари вакиллари, туризм индустрияси мутахассислари, давлат ҳокимияти органлари, музейлар, илмий-тадқиқот институтлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда соҳага оид йўналишларда таҳсил олаётган талабалар, шунингдек, Туркия, Италия, Иордания, Хитой, Малайзия, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва бошқа давлатлардан экспертлар иштирок этди. Улар соҳага тегишли долзарб маълумотларни тақдим қилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда муқобил туризм (экотуризм, этнотуризм, агротуризм ва қишлоқ туризми) жадал ривожланиб бораётган бир қатор ҳудудлар мавжуд. Хусусан, Тошкент вилояти (Чимён, Чорвоқ, Оқтош), Жиззах вилояти (Зомин миллий боғи), Сурхондарё вилояти, Наманган ва Фарғона водийси ҳамда Қорақалпоғистон (Устюрт, Аралбўйи) шулар жумласидандир.
Тадбирда иштирокчилар Ўзбекистонда муқобил туризм асосан тоғли ҳудудлар, қишлоқ жойлар ва экологик ноёб минтақаларда ривожланаётганини, бу йўналиш мамлакатнинг туризм салоҳиятини кенгайтириш билан бирга, маҳаллий аҳоли даромадини ҳам оширишини таъкидлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА