Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида "Халқ юраги" ҳужжатли фильмлар туркуми доирасида Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган “Муқимий” номли ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур фильм Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Кўзгу студияси» томонидан тасвирга олинган.
Фильмни тасвирга олиш жараёнлари Муқимий ҳаётлик даврида сафар қилган Тошкент – Қўқон йўналиши бўйича амалга оширилди. Унда Қўқон давлат музей қўриқхонаси таркибидаги Муқимий ҳужра музейи маънавият-маърифат ходимлари, адабиётшунос олимлар, Муқимий ихлосмандлари, Муқимий номидаги ҚДПИ профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирок этиб, Муқимий ҳаёти ва ижодий фаолияти, Қўқон адабий муҳитида шоирнинг тутган ўрни ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Кинокартина Муқимий яшаган давр, Қўқон адабий муҳити, эркка талпинган ижод ва чиркин жамият муҳити ҳақида томошабинларга атрофлича маълумот беради. Картинада миллий урф-одатларимизнинг гўзал намуналари ҳамда халқона куйларимиздан фойдаланилганлиги фильм таъсир кучини оширган.
Хабарингиз бор, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли адабий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга масъул олий таълим даргоҳи ҳисобланади.
Ўтган сўнгги бир йилдан ошиқ вақт мобайнида университет жамоаси Муқимий адабий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича йирик масштабли лойиҳаларни амалга оширди. Жумладан, “Муқимий” кўкрак нишони таъсис этилди, muqimiymerosi.uz номли ахборот портали ишга туширилди, университет ҳудудида Муқимий ҳаёти ва ижодига оид тарихий мажмуа барпо этилган.



Д. Маматова, ЎзА