Наманган вилояти мусиқали драма театрида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан саҳналаштирилган “Муқаддас қасам” спектаклининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Намойиш олдидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов, вилоят театри директори Нозимжон Тошпўлатов янги асар касбига садоқатли шифокорларнинг жонкурлиги ва фидойилигини акс эттиришда, тиббиётда учраб турадиган айрим коррупцион муаммолар ҳамда унинг оқибатларидан огоҳлантириши билан алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Замон ва макон танламайдиган, ҳеч бир соҳани четлаб ўтмайдиган коррупция ва таъмагирлик шундай разил иллатки, бунга ружу қўйилган жойда ривожланишга эмас, таназзулга юз тутитлади. Драматург Нодир Мажид асари асосида, Шуҳрат Абдуллаев режиссёрлигида беш ой давомида қилинган меҳнатлар самарасида саҳна юзини кўрган спектаклда ҳам сюжет жараёнларида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни кўрсатиш ва бу жирканч иллатнинг асл манзараси бош врач Сухсурбекнинг қилмишлари мисолида маҳоратли актёрлар томонидан маромига етказиб ижро этилган.

– Ҳаётда оқ ва қора бўлганидек, яхшилик ва ёмонликни ёнма-ён кўрамиз. Шифокорлар ҳаёти ва уларнинг касбига бағишланган “Муқаддас қасам” асарида тиббиёт ходимларининг маъсулияти ва оғир меҳнати, инсонпарварлик, беморларга бўлган муносабати ҳақида хикоя қилишга интилдик, – дейди театр актёри, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳиби Маъруфжон Ниёзов. – Шунинг баробарида, асосан коррупция ботқоғига ботган касалхонада янги иш бошлаган жарроҳ қиз Лобарнинг иш фаолиятида учраган қийинчиликлари акс эттирилади. Шифохонани том маънода коррупция ўчоғига айлантириб олган раҳбар ўзи бошлаган жарга ўзи тушади.

Дарҳақиқат, “Гиппократ қасами”ни қабул қиладиган оқ халатли саломатлик посбонлари инсон ҳаётини кўз қорачиғидек асраш, ҳар қандай шароитда, бемор кимлигидан қатъий назар кеча-ю кундаз ҳалол ва беминнат хизмат қилишдек муқаддас бурчга садоқат билан чинакам саодатга эришади. Аксинча, нафсининг сўзига кириб, виждонини ютган нопок шифокорлар ҳам афуски борки, улар муқаддас қасамга хиёнат қилиб, нафақат беморлар, балки ўзининг ҳам ҳаётини издан чиқариши муқаррар.

Вилоят театрида илк бор саҳна юзини кўрган тиббиёт йўналишидаги илк спектакль “Муқаддас бурч” даволаш-профилактика муассасаларидан келиб залнни тўлдириб ўтирган тиббиёт ходимлари томонидан қарсаклар билан олқишланди. Спектаклни мазмунли ва таъсирчан чиқишида Маъруфжон Ниёзов, Нуриддин Исмоилов, Мадина Камолова, Дилдора Аҳмедова, Фурқат Раимжонов каби истеъдодли актёрларнинг муносиб ҳисса қўшганликларини айтиб ўтиш жоиз.

Янги спектакль намойиши бир ой давом этиб, шаҳар ва туманлар соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари эътиборига ҳавола қилинади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/nH6_RjKiN4w?si=B8yRSCLXqgK9PatV" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Оқилхон Дадабоев, ЎзА