Мукофот улкан масъулиятдир
Давлат мукофоти соҳиблари
Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда устоз ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш, меҳнатини қадрлаш, муносиб ҳақ тўлаш, уларга эътибор ва эҳтиром кўрсатиш, таълим тизимини бутунлай янги босқичга кўтариш борасида олиб борилаётган ишлар айниқса, биз педагогларни беҳад қувонтиради.
Бугун мен ана шу эътиборни камтарона меҳнатларим эътирофи мисолида яна бир бор ҳис этдим. Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган фармони билан II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирландим, кўрсатилган эътибор, эътирофдан бошим кўкка етди.
Айни кунда мен раҳбарлик қилаётган мактабда 3 минг 560 нафар ўқувчи таҳсил олади, уларга 160 нафар педагог таълим-тарбия бериб келади.
Педагогик фаолиятим давомида таълим сифатини ошириш, ўқувчиларга пухта билим бериш, илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдим. Кўп ютуқларга эришдим. Хусусан, 2012 йилда “Халқ таълими аълочиси”, 2022 йилда “Халқ таълими фидойиси” унвонларига сазовор бўлдим.
Мактабимиз жамоаси бир неча йилдирки, таълим-тарбия борасида яхши натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Кейинги уч йил давомида кўплаб ўқувчиларимиз фан олимпиадалари ва бошқа қатор кўрик-танловларнинг туман, вилоят ва республика босқичларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олиб келмоқда. Мактабимиз ўтган ўқув йилида “Хорижий тилларни ўқитиш ва энг яхши мактаб” кўрик-танловида ғолиб бўлди.

Мактабимизнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Махсумахон Эгамова эса “Энг яхши фан ўқитувчиси” танловининг республика босқичида биринчи ўринни қўлга киритди. Жорий йилда 145 нафар битирувчидан 105 нафари ёки 76 фоизи республикамизнинг турли олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.
Ўқувчи ёшларга таълим-тарбия бериш борасида эришаётган ижобий натижаларимиз замирида мактаб педагогик жамоасининг ҳамжиҳатлиги, устозларнинг касбига фидойилиги, бой ҳаётий ва касбий тажрибаси, ишга катта масъулият билан ёндашиши ётади. Шу ўринда айтишим керакки, менга берилган мукофотни бутун жамоамизга берилган мукофот, деб биламан.
Мукофот билан тақдирланганлигим, меҳнатларим эътирофидан қалбимдан кечаётган қувончли туйғуларни оддий сўзлар билан ифодалай олмайман. Энг асосийси, билимли, баркамол ёшларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшяпман, юртимга фойдам тегяпти. Қолаверса, оилам тинч, фарзандларим бағримда. Уларнинг кўрки, камолидан куч оламан, қувонаман. Менимча, педагог учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Қолаверса, инсон қадри улуғланаётган, ўқитувчи, илм, фан вакиллари эъзоз топаётган юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман.
Берилган мукофот менга куч, шижоат беради, зиммамга улкан масъулият юклайди. Бундан кейинги фаолиятимда кўрсатилган эътиборга, Президентимиз ишончига муносиб жавоб қайтаришга, юртимиз равнақи, ёш авлодга таълим-тарбия бериш йўлида янада фаол ишлашга бор билим ва салоҳиятимни сафарбар этаман.
Абидахон Ҳакимова,
Асака туманидаги 57-умумий ўрта таълим мактаби директори,
II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси.