Мукаррама Турғунбоева номидаги миллий рақс ижрочиларининг телетанлови бўлиб ўтди
Маданият вазирлиги томонидан “Маданият ва маърифат” телеканалида Мукаррама Турғунбоева номидаги миллий рақс ижрочилари телетанлови ўтказилди.
Мамлакатимизда миллий рақс санъати ва хореография ривожи бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Хива шаҳрида III Халқаро "Лазги" рақс фестивали юксак савияда ўтказилди. Унда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 300 дан зиёд санъаткорлар ва олимлар иштирок этиб, ўзбек рақси халқаро брендга айланганини кўрсатди.

Ўзбекистон ижодкорлари томонидан чет эллик мутахассислар билан биргаликда саҳналаштирилган “Лазги — қалб ва севги рақси” спектакли Австриянинг Зальцбург шаҳридаги (Grosses Festspielhaus) ва Европанинг бошқа нуфузли саҳналарида катта муваффақият билан намойиш этилди.
Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли, “Лазги” ва бошқа тарихий жамоалар фаолияти тўлиқ тикланиб, уларнинг моддий-техник базаси янгиланди. Миллий ансамблларимиз Туркия, Россия, Германия ва бошқа хорижий давлатларда ўтказилаётган халқаро танловларда фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.

Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳамда унинг ҳудудий мактаб-интернатлари орқали соҳага замонавий хореография талабларига жавоб берадиган янги авлод кадрлари тайёрланмоқда. Ўзбек миллий рақс мактаблари (Фарғона, Бухоро, Хоразм) анъаналари тизимлаштирилиб, уларнинг хорижий тиллардаги (инглиз, ҳинд ва бошқа хорижий тилларда) монография ва дарсликлари чет эл университетларида чоп этилмоқда.
Анъанавий ўзбек рақслари элементлари замонавий хореография билан уйғунлаштирилган ҳолда янгича талқинда саҳнага олиб чиқилмоқда. Соҳада олис ҳудудлардаги маданият марказларида малакали рақс тўгараклари раҳбарларининг етишмаслиги ҳамда рақс санъатининг назарий-танқидий мактабини янада кучайтириш зарурати сақланиб қолмоқда.

Мукаррама Турғунбоева номидаги миллий рақс ижрочиларининг телетанлови Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги “Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилди. Телетанлов иштирокчиларининг чиқишларини соҳанинг холис ва профессионал мутахассисларидан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Телетанлов 25 нафар 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган профессионал ижрочилар ўртасида битта йўналиш бўйича ўтказилди.
Телетанловнинг Низом талабларига мувофиқ Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, биринчи ўрин – Райҳон Акрамовага насиб этди. Иккинчи ўринга Меҳрибан Жақсимуратова, Муштарий Ҳасанова муносиб бўлди. Учинчи ўринга Муштарий Ғойипова, Мадина Турдиалиева, Заринабону Ёқубова сазовор бўлди. Ғолиблар диплом, махсус статуэтка ва пул мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, телетанловнинг барча иштирокчилари ҳамда жўрнавоз (концертмейстер)ларига Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг фахрий ёрлиғи топширилди.
Н.Усмонова, ЎзА