Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан энг яхши инновацион таълим дастурларини Ўзбекистон Республикаси шароитига жалб этиш ва мослаштириш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги Кореянинг «Edulink» компанияси билан биргаликда «С боард» мобиль таълим дастурини ишга туширади.
Биринчи босқичда лойиҳа Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида синов режимида амалга оширилади. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг таъкидлашича, ишлаб чиқилган дастур мактабгача таълим ташкилотлари, тарбиячилар, ота-оналар ва мактабгача ёшдаги болалар учун ноёб имкониятларни очиб беради.
Мобиль дастур мактабгача таълим сифатини яхшилаш, рақамли ҳисоботга босқичма-босқич ўтиш, мактабгача таълим ташкилотлари ва ота-оналарга кўмаклашиш учун мўлжалланган.
Математика асослари, ўзбек тили ва бошқа чет тилларини ўқитиш учун ўқув видеоклипларининг «С боард» дастурий таъминот доирасида мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрларининг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эътиборлиси, мобиль дастур ишлаб чиқилишининг барча босқичлари «Илк қадам» давлат ўқув дастури ҳамда мактабгача таълим ва тарбия давлат стандарти ҳамда илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ амалга оширилади.
«С боард» иловасини “Google Play App Store” ва “Apple” онлайн дўконларидан бепул юклаб олиш мумкин.
Мазкур мобиль илованинг ишга туширилиши ота-оналар, мактабгача таълим ташкилотларининг бутун педагогик жамоаси учун муҳим воқеа бўлади ва мустақил Ўзбекистоннинг таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА