Муҳим ташаббуслар илгари сурилди
Андижонда "Ўзбекистон зиёлилари кенгаши"нинг ҳудудий йиғилиш-мулоқотлари бўлиб ўтмоқда.
Андижон давлат тиббиёт институтида “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши”нинг республика йиғилишига тайёргарлик доирасида “Янги Ўзбекистон зиёлилари - миллий юксалиш таянчи” шиори остида ўтказилган ҳудудий йиғилиш-мулоқотда республикамиз пойтахтидан ташриф буюрган, шунингдек, вилоят ижтимоий ҳаётининг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилаётган фаол ва фидойи зиёлилар, маънавият тарғиботчилари, фахрийлар, ёшлар иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда зиёлиларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, уларнинг билим ва тажрибасини юрт тараққиётига йўналтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.


Бугунги кунга келиб, мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, математика ва физика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослашган таълим муассасалари, шахмат мактабларини ривожлантириш, уларда халқаро талабларга мос шароитлар яратиш ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, ўқитувчилар, профессор-ўқитувчилар, шифокорлар, хизматчилар, маданият ва санъат ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ҳақини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо олиб борган мулоқот-йиғилишда сўз олган Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Комилжон Комилов, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Раҳмон Қўчқоров, Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институти директори Одилхўжа Парпибоев, Ўзбекистон Қаҳрамони Шукуржон Маматқулов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар, зиёлиларнинг жамият тараққиёти, ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштироки, халқимизнинг миллий, маънавий қадриятлари, уларни асраб-авайлаш, ёш авлод тарбияси каби қатор мавзуларда сўз юритилди.
– Илм-фан, таълим, тиббиёт, адабиёт, маданият ва бошқа соҳалар вакилларини бирлаштирган йиғилиш зиёлиларнинг билим ва тажрибасини юрт тараққиётига йўналтириш, жойлардаги долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, уларни ижобий ҳал этиш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган, - дейди Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Нигорахон Қашқабоева. – Қолаверса, ҳудудларда билдирилган ташаббусларни умумлаштириб, кенгашнинг республика йиғилишига тақдим этиш, маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган.

Йиғилишда Янги Ўзбекистон тараққиётида зиёлиларнинг ўрни, роли ва масъулияти, маънавий-маърифий ислоҳотлар таъсирчанлигини ошириш, ёш авлодни миллий қадриятлар, замонавий билимлар уйғунлигида тарбиялаш каби устувор масалалар муҳокама қилинди.
Муҳокамалар қатор йўналишларда ихтисослашган шўъбалар доирасида олиб борилди. Жумладан, «Оила ва маҳаллада тарбия», «Рақамли муҳитнинг ёшларга таъсири», «Ўзбек тили ва китобхонлик», «Тарихий хотира ва миллий қадриятлар» мавзулари доирасида долзарб масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилишларда оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини кучайтириш, ёш авлод тарбиясида миллий анъаналар ва замонавий ёндашувларни уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ёшларнинг ахборотни танқидий таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантириш, интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, уларни зарарли ғоялар ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш хусусида сўз юритилди.

Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, зиёлиларнинг жамиятдаги жараёнларда иштироки ва фаоллигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири