Муҳим минералларнинг ягона рақамли харитаси: ресурс салоҳиятидан янги ўсиш нуқталарига
Маълумки, бугунги глобаллашув даврида муҳим минералларнинг жаҳон иқтисодиётидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Улар энергетика, электроника, рақамли инфратузилма, машинасозлик, аккумулятор технологиялари ва бошқа юқори технологияли тармоқлар учун зарур. Катта ва хилма-хил минерал-хомашё базасига эга Марказий Осиё учун ушбу тенденция инвестицияларни жалб этиш, янги технологияларни ўзлаштириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг қўшимча манбаларини яратиш борасида янги имкониятлар очмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда минтақада муҳим минераллар соҳасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ва уларни чуқур қайта ишлаш масалалари стратегик аҳамият касб этмоқда. Бу борада Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар минтақанинг минерал-хомашё салоҳиятини ягона иқтисодий имконият сифатида ривожлантиришга қаратилгани билан эътиборга молик.
ЎзА мухбири ушбу мавзуга доир масалалар юзасидан Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими Алиаскар Маҳмудов фикрларини ёзиб олди.

– Таъкидлаш керакки, минтақадаги истиқболли конлар геологик ўрганилганлик даражаси ва саноат миқёсида ўзлаштиришга тайёрлиги жиҳатидан сезиларли фарқланади. Айрим конлар бўйича инвестиция қарорларини тайёрлашга киришиш мумкин бўлса, бошқалари қўшимча геология-қидирув ишлари, технологик синовлар ва қайта ишлаш имкониятларини баҳолашни талаб этади. Асосий вазифа – мавжуд ресурс салоҳиятини аниқ лойиҳалар ҳамда юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқаришларга айлантиришдан иборат.
Жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтган биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муҳим минераллар бўйича Минтақавий инвестиция альянсини ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус минтақада геология-қидирув ва қазиб олишдан тортиб хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга қаратилган.
Яқинда Туркманистонда ўтказилган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида мазкур йўналиш амалий жиҳатдан давом эттирилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянсни ташкил этиш ишларини фаоллаштиришни таклиф қилди. Дастлабки қадамлардан бири сифатида Марказий Осиёдаги муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш таклифи билдирилди. Президентимизнинг фикрича, бундай ресурс минтақа салоҳияти ҳақида янада тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш ҳамда халқаро инвесторларга давлатлар мазкур йўналишни биргаликда ривожлантиришга тайёрлигини намоён этиш имконини беради.
Хаританинг амалий аҳамияти Марказий Осиёнинг минерал-хомашё базаси ҳақидаги маълумотларни ўзаро таққослаш мумкин бўлган шаклда тақдим этиш имкониятидадир. Бугунги кунда геологик маълумотларнинг асосий қисми миллий ахборот тизимларида жамланган. Умумий рақамли ресурс муҳим минерал хомашё турларининг жойлашуви, истиқболли конларнинг ўрганилганлик даражаси ҳамда уларнинг кейинги ўзлаштиришга тайёрлигини баҳолаш имконини беради. Бу эса геология-қидирув ишларининг устувор йўналишларини аниқроқ белгилаш ва кейинги инвестициявий таҳлил учун лойиҳалар портфелини шакллантиришга хизмат қилади.
Бундай ишлар учун минтақада зарур асос аллақачон мавжуд. Юртимизда тўпланган геологик материаллар рақамлаштирилмоқда, Миллий геологик маълумотлар базаси такомиллаштирилмоқда, географик ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва 3D моделлаштириш жорий этилмоқда. Қозоғистонда катта ҳажмдаги геологик материаллардан фойдаланиш имконини берувчи Ягона ер қаъридан фойдаланиш платформаси ривожлантирилмоқда. Қирғизистонда “Nedra” ахборот тизими яратилмоқда ва геологик фондларни рақамлаштириш давом этмоқда. Мазкур ишлар миллий ахборот тизимларидан минтақавий даражада асосий маълумотларни ўзаро таққослашга босқичма-босқич ўтиш учун замин яратмоқда, дейиш мумкин.
Ушбу ёндашув фақат геология-қидирув билан чекланмайди. Мамлакатларнинг ресурс базаси, қайта ишлаш қувватлари, энергетика ва транспорт инфратузилмасидаги фарқлар алоҳида қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун имкониятлар яратади. Кенгроқ вазифа технологиялар ва капитални жалб қилиш, маҳаллий қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда минтақа давлатларига мавжуд ресурслардан кўпроқ иқтисодий самара олиш имконини берадиган янги компетенцияларни шакллантиришдан иборат.
Марказий Осиё муҳим минераллар бўйича шаклланаётган етказиб бериш занжирларида янада салмоқли ўрин эгаллаш имкониятига эга. Бироқ минтақанинг рақобатбардошлиги захиралар ҳажмидан кўра, уларни янги ишлаб чиқаришлар, технологик ечимлар, малакали иш ўринлари ва юқори қўшилган қийматли экспорт маҳсулотларига айлантира олиш салоҳиятига кўпроқ боғлиқ бўлади.
Ягона рақамли харита ушбу жараённинг ахборот асосига айланиши мумкин. Унинг аҳамияти геологик маълумотларни шунчаки бирлаштиришда эмас, балки улардан инвестициявий устуворликлар ва келгусидаги ривожланиш йўналишларини асослироқ белгилашда фойдаланиш имкониятидадир. Узоқ муддатли истиқболда муҳим минераллар Марказий Осиёда технологик янгиланиш, миллий иқтисодиётлар рақобатбардошлигини ошириш ва янги ўсиш нуқталарини шакллантириш омилларидан бирига айланиши мумкин.
Ў.Алимов, ЎзА