Ўзбекистонда саноат ривожи ва минерал ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида навбатдаги муҳим қадам ташланди. "Ўзбекистон технологиялик металлар комбинати" акциядорлик жамияти ҳамда "Тоғ-кон ва геология соҳаси ходимлари малакасини ошириш институти" давлат муассасаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.
Ушбу келишув доирасида саноат учун муҳим минераллар йўналишида лаборатория мутахассисларини ва лойиҳа менежерларини тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини замонавий талабларга мос равишда ошириш режалаштирилган. Шунингдек, таълим жараёнларига хорижий экспертлар жалб этилиб, илғор тажрибалар асосида амалий машғулотлар ташкил этилади.

Дастурнинг асосий мақсади - мутахассислар малакасини ошириш билан бирга, минерал ресурслар соҳасида ишлаб чиқариш жараёнларининг самарадорлигини таъминлаш, инновацион ечимларни жорий этиш ва лаборатория иш услубларини такомиллаштиришдир. Амалиётга йўналтирилган ўқув дастурлари орқали ўқувчилар соҳанинг реал шарт-шароитларида ишлаш кўникмасини ҳосил қилади.
Томонлар фикрича, бундай ҳамкорлик нафақат ишчи кучининг рақобатбардошлигини оширади, балки мамлакатимизда минерал ресурсларни қайта ишлаш ва улардан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутадиган янги авлод мутахассисларини етиштиришга ҳам хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА