Муҳиддин Мадаминов “UzChess Cup 2026” ғолиби!
Пойтахтимизда жаҳон шахмат ишқибозлари эътибор марказида бўлган “UzChess Cup 2026” халқаро мусобақаси якунланди.
Деярли ўн кун мобайнида кечган шиддатли ва ўзига хос “ақл жанглари” қайсидир маънода шахматчиларимиз учун 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик вазифасини ўтаган бўлса, яна қайсидир жиҳатдан ёш гроссмейстерларимиз учун бир поғона юксалиш пиллапояси бўлди.
Умумий мукофот жамғармаси 121 минг 500 АҚШ долларидан иборат турнирнинг "Masters" гуруҳида ҳамюртларимиз Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов кучли рақибларга қарши дона суришига қарамай, ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этди.
Сўнгги 9-турда Шамсиддин Воҳидов ҳам, Муҳиддин Мадаминов ҳам қора доналарда Нодирбек Абдусатторов ва АҚШлик Нейманн Ханс Моке билан дурангга эришгани шов-шувли кўрсаткич бўлди.

Ушбу турда ғолибликка даъвогарлик қилган Шахриёр Мамедяров оқ доналарда Ян Непомняший билан, Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда Видат Сантош билан дурангга эришиши ҳам, Аржун Эригаиси оқ доналарда Николас Теодоруни мағлубиятга учратиши ҳам ўзбекистонлик икки ёш шахматчини чемпионлик йўлидан қайтара олмади.
9-тур якунига кўра, Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидов рақибларидан 0,5 очко тортиб олиши натижасида 5,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
"Masters" гуруҳида ғолибни аниқлаш учун Мадаминов-Воҳидов ўртасида тай-брейк мусобақаси ташкил этилди.
Тай-брейк якунига кўра, Муҳиддин Мадаминов 1,5:0,5 ҳисобида устунликка эришиб, турнир ғолибига айланди ва турнир низомига кўра, 20 минг АҚШ долларини қўлга киритди. 2-ўринни эгаллаган Ш.Воҳидов, ўз навбатида 15 минг АҚШ долларига эга чиқди.

Халқаро турнирнинг “Challengers” гуруҳида 8 та турдан сўнг 7 очко жамғарган озарбайжонлик Муҳаммад Мурадли муддатидан аввал ғолибликни нақд қилди. Сўнгги турда у ҳамюртимиз Жаҳонгир Воҳидов билан дуранг ўйнади. Совринли ўринларга номзод Руминия, Украина ва Ҳиндистон вакиллари 4,6 очкога эга бўлиб турибди. Ҳамюртимиз Муҳаммадзоҳид Суяров 4 очко билан 6-ўринда ҳаракатланмоқда.

“Futures” гуруҳида терма жамоамиз аъзоси Ҳумоюн Бекмуратов 7 очко билан 1-ўринга эга чиққан вазиятда 141 нафар шахматчи қатнашган “Open” гуруҳида ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашган Темур Гариев 7,5 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига етакчига айланди. Ҳамюртимиз Шавкат Абдухолиқов 7,5 очко билан қўшимча кўрсаткичлар ҳолатида 2-ўрин билан кифояланди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА