Муҳандислик сари ишончли қадам
Жиззахда муҳандислик таълимини мактаб босқичиданоқ амалиёт ва олий таълим билан уйғунлаштиришга қаратилган янги тизим шаклланмоқда. Жиззах политехника институти билан интеграциялашган Муҳандислик мактаби фаолиятининг йўлга қўйилиши ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси бўлди.
Янги таълим маскани олдига ёшларни замонавий касбларга йўналтириш, уларда муҳандислик соҳасига қизиқиш уйғотиш ва мактаб таълимини олий таълим ҳамда ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш каби муҳим вазифалар қўйилган.
Жиззах политехника институтида Муҳандислик мактабига қабул қилинган ўқувчи-ёшлар билан ташкил этилган учрашув ҳам ана шу вазифалар мазмунини янада бойитди. Мулоқотда институт ректори А. Усманқулов, ўқув ишлари бўйича проректор М. Очилов, Муҳандислик мактаби раҳбарияти ва педагогик жамоаси, шунингдек, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Учрашув самимий табрик ва эзгу тилаклар билан бошланди. Ректор янги ўқув йили муносабати билан ёшларни қутлаб, уларга таълим олиш жараёнида омад ва муваффақият тилади. Айни пайтда бугунги ўқувчилар эртага ўз соҳасининг етук ва малакали мутахассисларига айланишига ишонч билдирди.
[gallery-31492]
Учрашув давомида Жиззах политехника институтидаги таълим йўналишлари, талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, халқаро ҳамкорлик дастурлари, замонавий таълим имкониятлари, муҳандислик йўналишлари, илғор лабораториялар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу маълумотлар ўқувчилар тасаввурида бугунги таълим имкониятлари ва келгуси касбий фаолият ўртасидаги узвий боғлиқликни янада кенгайтирди.
Муҳандислик мактабларида ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади. Унда 240 нафар ўқувчи давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таълим олади. Таълимнинг 1-3-йилларида физика, математика ва хорижий тил фанларига, 4-5-йилларида эса муҳандислик фанларига бошланғич тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилади.
Тизимнинг муҳим жиҳатларидан яна бири битирувчилар учун яратилган имкониятдир. Белгиланган талабларни бажарган муҳандислик мактаблари битирувчилари муҳандислик таълим дастури бўйича тегишли олий таълим йўналишида бир йиллик қўшимча давлат гранти асосида 2-курсдан тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
Демак, мактабда олинган билим кейинги таълим босқичи билан узвий давом этиши учун аниқ имкониятлар яратилмоқда. Бундай ёндашув ёшларнинг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш, уларни мақсадли тайёрлаш ҳамда келгусида малакали муҳандис кадрлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.
Учрашув доирасида ўқувчилар Жиззах политехника институтининг Автомобилсозлик муҳандислик мактаби ҳамда Муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Бу жараён уларга муҳандислик соҳасининг назарий билимлар билан чекланиб қолмаслиги, замонавий технология, тадқиқот ва амалий фаолият билан чамбарчас боғлиқ эканини ҳис этиш имконини берди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари