Муҳаммадиёр Тошмуродов: Ғилон мўжизаси - Рассом устахонаси
1-қисм
Қарийб 45 йилдан буён тасвирий санъатга фидокорона хизмат қилиб келаётган, ўзининг бетакрор бадиий услубини шакллантирган, академик йўналишда самарали ижод қилиб, юзлаб шогирдлар тарбиялаган истеъдодли мусаввир Муҳаммадиёр Тошмуродов билан самимий ва мазмунли суҳбат қурдик.
Муҳаммадиёр Тошмуродов ижодининг муҳим хусусиятларидан бири — миллий ҳаётни ташқи этнографик белгилар орқали эмас, балки унинг ички руҳияти ва табиий муҳити орқали ифодалашга интилишидир.
Рассомнинг қишлоқ ҳаёти, инсон меҳнати ва табиатга бағишланган асарларида ҳаётнинг оддий манзаралари муайян бадиий фалсафага айланади. Бу асарларда меҳнат қаҳрамонликдан кўра табиий ҳаёт тарзи сифатида намоён бўлади. Инсон табиатдан ажралган ҳолда эмас, балки унинг ажралмас бир қисми сифатида талқин этилади. Айниқса, «Ғилон туркуми» рассом ижодида алоҳида ўрин тутади.
Қашқадарё вилоятининг Ғилон қишлоғи ҳаётига бағишланган ушбу асарларда тоғли ҳудуднинг ўзига хос табиати, меҳнаткаш инсонлар қиёфаси, кундалик турмуш манзаралари ва миллий ҳаёт тарзи ўзаро уйғунлашади. Ғилон образи рассом учун оддий географик макон эмас. У — инсон ва табиат муносабати, авлодлар хотираси, меҳнат маданияти ва миллий турмуш фалсафасини мужассам этган бадиий макондир. Шу жиҳатдан «Ғилон туркуми»ни рассомнинг ижодий лабораторияси сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
<iframe width="640" height="350" src="https://www.youtube.com/embed/cD6nR-cVwfw" title="Rassom ustaxonasi: Muhammadiyor Toshmurodov 1-qism" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мунира Рамазонова, Дониёр Якубов,
Салимжон Обиджонов, ЎзА