Муҳаммадали Искандарий: Эрон Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор деб билади
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Диёримиз Истиқлолнинг 35 йиллик қутлуғ маррасини салмоқли ютуқлар билан қарши олди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз халқаро майдонда ўз миллий манфаатларини қатъий илгари сурадиган, ўзининг ноёб дипломатик мактаби ва юксак сиёсий маданиятига эга мустақил давлат сифатида бўй кўрсатди.
Айниқса, сўнгги ўн йилликда Ватанимиз ташқи сиёсатида туб бурилиш ва сифат ўзгаришлари юз берди. Ўлкамиз суверенитет, ички ишларга аралашмаслик ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш каби эзгу тамойилларга содиқ қолган ҳолда, янада очиқ, фаол ва прагматик ташқи сиёсий курсни намойиш этмоқда.
Минтақада ва халқаро майдонда қулай ҳамда хавфсиз муҳит яратишга қаратилган бундай изчил ёндашув дунё ҳамжамиятининг юксак ишончини қозонди. Мустақиллик байрами муносабати билан юртимизда фаолият юритаётган хорижий мамлакатлар элчиларининг қутловларида ҳам Янги Ўзбекистоннинг айнан ушбу очиқлик ва яхши қўшничилик сиёсати алоҳида эътироф этилгани бунинг яққол далилидир.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз муносабати билан Эрон Ислом Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий ўз табригини изҳор этди.
– Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг иқтисодий, тарихий ва цивилизацион салоҳиятига таянган ҳолда, яхши қўшничилик, мулоқот ва конструктив ҳамкорлик тамойиллари асосида Марказий Осиёда ҳамда минтақавий муносабатларда муҳим ва нуфузли ўринни эгалламоқда. Эрон Ислом Республикаси Ўзбекистоннинг минтақавий тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ижобий ролини юқори баҳолайди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар дўстона, илдизлари чуқур, ўзаро ҳурмат ҳамда муштарак тарихий, маданий ва цивилизацион алоқаларга асосланган. Икки халқнинг умумий мероси, мутафаккир ва алломаларимизнинг ғоя ҳамда асарлари билан боғлиқлик давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун боқий сармоядир.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Теҳрон ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар изчил ўсиш ва ривожланиш йўлидан бормоқда. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси эса ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун янги имкониятлар яратди. Эрон Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор деб билади ва иқтисодий-савдо алоқаларини ривожлантиришни истиқболдаги муносабатларнинг асосий устунларидан бири сифатида кўради.
Саноат, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, энергетика, технология, соғлиқни сақлаш, инвестиция, техник-муҳандислик хизматлари, туризм ва транспорт соҳаларида икки ўлканинг бир-бирини тўлдирувчи салоҳияти хусусий секторнинг фаол иштироки ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг замин яратмоқда. Шунингдек, Эроннинг географик жойлашуви ва унинг очиқ денгизларга чиқиш имконияти Марказий Осиёнинг иқтисодий салоҳияти билан биргаликда транзит коридорларини ривожлантириш, савдо айланмасини ошириш ҳамда минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш учун қимматли имкониятларни тақдим эта олади.
Илмий-академик, маданий ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, миллатлар, зиёлилар ҳамда хусусий сектор вакиллари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш ҳам кўп асрлик ришталарни ва икки халқнинг бир-бирини янада яқиндан англашини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эрон Теҳрон ва Тошкент ўртасидаги муносабатларнинг чуқурлашуви икки республиканинг умумий манфаатларини таъминлаш билан бирга, иқтисодий тараққиётга, минтақавий интеграцияни кенгайтиришга ҳамда Марказий Осиё ва унга туташ ҳудудларда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишига ишонади.
Икки мамлакат раҳбарларининг иродаси, халқларимизнинг қўллаб-қувватлаши ҳамда иқтисодий ва хусусий секторларнинг фаол иштироки билан Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар келгуси йилларда янада кенг қамровли, стратегик даражага кўтарилишига ишончим комил.
Фурсатдан фойдаланиб, юртингизнинг Мустақиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклайман, дўст ва биродар ўзбек халқига барқарор тинчлик, осойишталик, тараққиёт, фаровонлик, икки халқ ўртасидаги тарихий ва дўстона алоқаларга эса порлоқ келажак тилайман.
Ў.АЛИМОВ, ЎзА