Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг нуфузи халқаро даражада ошмоқда
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга International Baccalaureate (IB) Жаҳон мактаби мақоми берилди.
Мазкур муассасада IBнинг Middle Years Programme (MYP) дастури бўйича аккредитация жараёни муваффақиятли якунланди.
Кўп босқичли баҳолашлар давомида мактабда яратилган таълим муҳити, бошқарув тизими, педагогларнинг касбий салоҳияти ва ўқувчиларнинг билимга бўлган интилиши халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди.
Маълумот учун, International Baccalaureate (IB) — 1968 йилда ташкил этилган халқаро таълим дастури бўлиб, дунё бўйлаб 5 800 дан ортиқ мактабда ўқитилади. IB мактаби ўқувчиларни академик, маданий ва шахсий жиҳатдан ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унинг дипломи кўплаб халқаро университетлар томонидан тан олинади ва олий таълим муассасаларига киришда афзаллик беради.
Мазкур дастурнинг жорий этилиши ўқувчилар учун кенг академик имкониятлар яратиб, уларни жаҳоннинг етакчи университетларида таҳсил олишга тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА